“Ғиждувон кулолчилиги ва пазандалари” фестивали бўлиб ўтди
Айрим масканлар борки, уларни бир марта кўришнинг ўзи етарли эмас. Чунки бу жойларда оддий кўча, оддий ҳовли ёки оддий бир ҳунармандчилик буюми ортида асрлар садоси, аждодлар тажрибаси ва халқнинг бетакрор тафаккури яшайди.
Бухоро вилоятининг ҳунармандлар ва тадбиркорлар юрти Ғиждувон ана шундай қадимий ва ўзига хос масканлардан бири. Бу заминда ҳунар авлоддан-авлодга ўтиб, вақт синовларидан омон қолган. Айниқса, Ғиждувон кулолчилиги, миллий таомлари, ҳунармандчилиги ва меҳмондўстлиги бугун туманнинг ўзига хос туристик брендига айланиб бормоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш, устоз-шогирд анъаналарини давом эттириш, ички ва зиёрат туризми салоҳиятини кенг намоён этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ғиждувонда ўтказилган “Ғиждувон кулолчилиги ва пазандалари” фестивали ана шу эзгу мақсадларнинг ҳаётий ва таъсирчан ифодаси бўлди.
Ғиждувон номи тилга олинганда, аввало, кўз олдимизга моҳир кулоллар, қўли гул ҳунармандлар, миллий таомларнинг бетакрор таъми ва қадимий анъаналар келади.
Асрлар давомида шаклланган Ғиждувон кулолчилик мактаби нафақат Бухоро воҳасида, балки мамлакатимизда ҳам ўзининг ўзига хос услуби билан танилган. Бу мактабнинг асосий қиммати — кулолчиликнинг оддий буюм тайёрлаш эмас, балки санъат даражасига кўтарилганида.
Усталар қўлида тупроққа шакл кириб, у санъат асарига айланади. Оддий лойдан ясалган коса, лаган, кўза ёки бошқа буюмларда миллий дид, табиатга муносабат, аждодлардан мерос эстетик қарашлар мужассамлашади.

Энг муҳими, бу ҳунар устоздан шогирдга ўтиб келаётган тирик мактабдир. Шу жиҳатдан Ғиждувон кулолчилиги — ўтмиш хотираси эмас, балки бугун ҳам яшаб, янги авлод қўлида такомиллашаётган миллий меросдир.
Ғиждувон туманидаги “Қўрғон” туризм маҳалласи яқинида жойлашган “Ёшлар боғи” ҳамда “Қадимий Ғиждувон Қўрғони” майдонида ўтказилган фестиваль ана шу бой меросни кенг намойиш этишга хизмат қилди. Тадбирга туман аҳолиси билан бирга маҳаллий ва хорижий сайёҳлар, ҳунармандлар, пазандалар, ижодкорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ташриф буюришди.
Фестивалнинг эътиборли жиҳати шундаки, меҳмонлар миллий маданиятимизни томоша қилибгина қолмай, унинг яратилиш жараёнига бевосита гувоҳ бўлди. Ғиждувон кулолчилик мактаби усталари томонидан амалий маҳорат дарслари ўтказилиб, кулолчиликнинг нозик сир-асрорлари намойиш этилди. Каштадўзлик, миллий ҳунармандчилик намуналари кўргазмалари эса халқимизнинг эстетик диди ва бой ижодий салоҳиятини яна бир бор намоён қилди.

Миллий таомлар тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари, ёш ижодкорлар чиқишлари ва фольклор жамоаларининг саҳна дастурлари фестивалга алоҳида файз бағишлади.
Ғиждувонни унинг машҳур шашликсиз тасаввур қилиш қийин. Фестиваль меҳмонларига “Ғиждувон шашлиги”ни тайёрлаш жараёни намойиш этилгани ҳам бежиз эмас. Чунки миллий таом ҳам халқнинг тарихи, турмуш тарзи ва меҳмондўстлигини ўзида мужассам этган маданий меросдир. 25 та павильонда моҳир кабобпазлар ўз санъатини намойиш этган бўлса, 10 та павильонда ширинпазлар меҳмонларга ўз маҳоратини кўрсатди. Бу ерда шашлик шунчаки таом сифатида эмас, балки Ғиждувоннинг ўзига хос гастрономик бренди сифатида намоён бўлди. Яна 10 та павильонда ташкил этилган “Қовун сайли” эса миллий деҳқончилик маданияти ва неъматларга бўлган эҳтиромнинг ёрқин ифодаси бўлди.

20 та павильонда маҳаллий ҳунармандларнинг маҳсулотлари ва ижодий ишлари намойиш этилди. Ҳар бир буюмда усталарнинг меҳнати, диди ва маҳоратини кўриш мумкин эди.
Фестиваль кўлами ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Тадбирда 20 минг нафардан ортиқ киши иштирок этди. Бу рақам ортида нафақат оммавий тадбирга бўлган қизиқиш, балки Ғиждувоннинг туризм салоҳиятига тобора ортиб бораётган эътибор ҳам мужассам. Айниқса, маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг иштироки Ғиждувонни маданий, этнографик ва гастрономик туризмнинг жозибадор йўналишларидан бирига айлантириш учун катта имкониятлар борлигини кўрсатмоқда.
Тадбир доирасида ички туризм ярмаркасининг ташкил этилгани ҳам аҳамиятли. Зеро, мамлакатимиз аҳолиси ўз юртининг тарихий шаҳарлари, қадимий ҳунар мактаблари ва миллий таомларини қанча кўп кашф этса, ички туризм маданияти ҳам шунча юксалади.
Фестиваль якунида кулолчилик, пазандалик ва ҳунармандчилик йўналишларида иштирок этганлар 20 дан ортиқ номинациялар бўйича тақдирланишди.
“Энг моҳир кулолсоз”, “Энг моҳир шашликпаз”, “Энг моҳир пазанда” каби номинациялар соҳибларига диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Бундай эътирофнинг аҳамияти фақат ғолибларни рағбатлантириш билан чекланмайди. У ёшларни ҳунар ўрганишга, миллий анъаналарни давом эттиришга, ўз маҳоратини сайёҳларга намойиш этишга ундайди. Чунки ҳунар қадр топган жойда авлодлар ўртасидаги маънавий кўприк мустаҳкам бўлади. Бугун Ғиждувондаги ҳар бир кулолчилик устахонаси, ҳар бир ҳунарманд қўлидаги буюм, ҳар бир миллий таом ва ҳар бир қадимий анъана туризм учун янги имкониятдир.
Ғиждувоннинг энг катта бойлиги — унинг табиий ресурсларида эмас, аввало, инсонларида. Асрлар давомида шаклланган ҳунар мактабларини сақлаб келаётган усталар, миллий таомларнинг сирларини биладиган пазандалар, замонавий дунёда қадимий санъатни давом эттираётган ёшлар — туманнинг ҳақиқий бойлигидир. Шу нуқтаи назардан қараганда, “Ғиждувон кулолчилиги ва пазандалари” фестивали оддий маданий тадбир эмас. У тарих, ҳунар, санъат, миллий таом ва туризмни бир нуқтада бирлаштирган ўзига хос маданий майдон бўлди.
Бугун Ғиждувонда ясалган бир коса ёки лаган хорижлик сайёҳнинг хонадонига бориши мумкин. Ундаги нақш эса Бухоро замини ҳақидаги ҳикояни дунёнинг бошқа бир бурчагига етказади. Бир порция Ғиждувон шашлиги эса меҳмонга миллий таомнинг таъми орқали халқимизнинг меҳмондўстлигини ҳис қилдиради.

Демак, ҳунармандчилик — нафақат мерос, балки туризм, тадбиркорлик ва янги имкониятлар манбаи ҳамдир.
Ғиждувоннинг кечаги тарихи бугунги авлод қўлида янги мазмун касб этмоқда. Қадимий ҳунарлар замонавий туризм билан уйғунлашиб, туманни дунёга танитишнинг ўзига хос воситасига айланмоқда. Энг муҳими, бу жараёнда асрлар оша бизга етиб келган миллий қадриятлар нафақат асраб қолинмоқда, балки янги авлодга етказилиб, янада сайқалланмоқда.
Ғиждувон — кулоллар юрти. Ғиждувон — пазандалар диёри. Ғиждувон — ҳунар ва меҳр уйғунлашган маскан. Унинг ҳар бир нақшида — тарих, ҳар бир ҳунарида — авлодлар хотираси, ҳар бир дастурхонида — халқнинг меҳри бор, ҳар бир меҳмони таассуротларида эса Ғиждувоннинг дунёга очилаётган янги қиёфаси акс этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири