Гулистонда замонавий медиа марказ иш бошлайди
Гулистон давлат педагогика институтида талабаларнинг медиа саводхонлиги ва рақамли кўникмаларини ривожлантириш, замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш ҳамда сифатли контент яратиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган замонавий медиа марказ ташкил этилади.
Марказни ташкил этиш бўйича келишув Европа Иттифоқининг халқаро лойиҳаси, «Юксалиш» ҳаракати ва Гулистон давлат педагогика институти вакиллари ўртасидаги учрашувлар доирасида эришилди.
Ташриф давомида делегация аъзолари институтнинг таълим ва илмий салоҳияти, инфратузилмаси, талабалар учун яратилган шароитлар ҳамда ёшлар билан ишлаш тизими билан танишди. Музокараларда замонавий медиа муҳити учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, талабаларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш ва уларнинг ахборот маконида фаол иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Янги медиа марказда талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, медиа саводхонлик ва рақамли кўникмаларни ривожлантириш, фото ва видеоконтент тайёрлаш, замонавий медиа воситаларидан самарали фойдаланиш ҳамда ижодий ғояларни амалга ошириш бўйича амалий машғулотлар ташкил этилади.

Шунингдек, талабалар ахборотни текшириш ва таҳлил қилиш, ишончли манбалар билан ишлаш, нотўғри ва асоссиз маълумотларни аниқлаш, дезинформацияни фарқлаш ҳамда рақамли муҳитда масъулиятли ахборот истеъмоли кўникмаларини шакллантириш имкониятига эга бўлади.
Учрашувда “Идрок-ЎЗ” лойиҳаси мутахассиси, Европа Иттифоқининг Беларус, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё давлатлари бўйича координатори Иракли Жгҳаркава, ALDA коммуникациялар бўлими раҳбари Биатрич Трассатани, «Юксалиш» ҳаракатининг Сирдарё ҳудудий бўлинмаси раҳбари, вилоят ҳокими маслаҳатчиси Нодира Давронова ҳамда институт раҳбарияти вакиллари иштирок этишди.

Мазкур ташаббус Европа Иттифоқи, Конрад Аденауэр жамғармаси, «Юксалиш» ҳаракати ва Гулистон давлат педагогика институти ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

— Медиа марказда талабаларнинг мустақил лойиҳаларини ишлаб чиқиши, ижтимоий ва таълимий мавзуларда контент тайёрлаши, замонавий коммуникация воситаларидан фойдаланиш бўйича амалий тажриба орттириши учун зарур шароитлар яратилади. Бу уларнинг келгусидаги касбий фаолияти учун муҳим бўлган ижодий, таҳлилий ва рақамли кўникмаларини мустаҳкамлашга ёрдам беради, — дейди институтнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Нурбек Аяқулов.


Медиа марказнинг ташкил этилиши халқаро ҳамкорликнинг амалий натижаларидан бири бўлиб, талабалар учун замонавий ахборот муҳитида ўз ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариш, медиа лойиҳалар яратиш ва касбий тажриба орттиришга янги имкониятлар очади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири