Гулистонда янги ўқув маркази очилди
Ёшларнинг билимга чанқоқлигини қондириш ва иқтидорини юксалтириш йўлида Гулистон туманида яна бир замонавий таълим маскани иш бошлади. “Фурқат” маҳалласида “Auction Study” ўқув марказига қарашли “Уч қаҳрамон” филиали тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Замонавий ва қулай шарт-шароитлар яратилган бу масканда хорижий тиллар, математика ва аниқ фанлар йўналишида мунтазам машғулотлар ташкил этилади. Дарсларни тажрибали педагоглар замонавий методлар асосида олиб бориши ёшларнинг билим олишга бўлган қизиқишини янада кучайтиради.

Очилиш маросимида туман ҳокимининг ўринбосари Хуршид Челибаев, маҳалла фаоллари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этишди.
– Бу марказ ёшларимиз учун янги имкониятлар эшигини очади. Улар нафақат билим, балки ҳаётий тажрибага ҳам эга бўлишади, – деди туман ҳокимининг ўринбосари Хуршид Челибаев.

Марказ фаолиятини йўлга қўйиш учун тадбиркор томонидан 120 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Шу билан бирга, қўшимча иш ўринлари яратилиб, малакали мутахассислар жалб этилди.

Нуронийлар ва меҳмонлар янги марказ билан яқиндан танишиб, ёшлар учун яратилган шарт-шароитларни юқори баҳолашди.
Энг муҳими, “Уч қаҳрамон” филиали ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларни келажакда рақобатбардош кадр сифатида шакллантиришга мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири