Муносабат

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуслар мамлакатимиз ташқи сиёсатидаги устувор йўналишларни аниқ ифода этди. Нутқ глобал муаммолардан тортиб, минтақавий ҳамкорлик, миллий ислоҳотлар, экология ва сув хавфсизлиги, логистика ва ёшлар масалалари каби кўп қиррали йўналишларни қамраб олди.
Давлатимиз раҳбари дунёда урушлар, ижтимоий ва технологик тенгсизлик, иқтисодий ҳамда гуманитар инқирозлар ортиб бораётганини қайд этди. Бу жараёнларда БМТнинг асосий платформа сифатидаги роли алоҳида таъкидланди. Хавфсизлик Кенгаши трансформация қилиниши ва “БМТ – 80” ташаббусларини қўллаб-қувватлаш зарурлиги билдирилди.
Янги Ўзбекистон ислоҳотлари натижасида мамлакатимизда камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизгача туширилгани, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида катта натижаларга эришилгани тилга олинди. Мактабгача таълимда қамров 27 фоиздан 78 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 42 фоизга ошгани кўрсатилди. Шунингдек, Бутунжаҳон профессионал таълим саммити ва болалар саратонига қарши курашга бағишланган тадбир Ўзбекистон ташаббуси билан ўтказилиши эълон қилинди.
Марказий Осиёда интеграция доирасида 2017 йилдан бошлаб минтақада савдо, инвестиция ва транспорт ҳажми 5 баробарга ошгани қайд этилди. Чегара ҳудудларида савдо-саноат зоналари ташкил этилаётгани, давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари интеграцияни мустаҳкамлаётгани таъкидланиб, ЭКОСОС ва ЮНКТАД шафелигида Марказий Осиё тараққиётига бағишланган халқаро форум ўтказиш таклиф қилинди.
Шунингдек, Афғонистоннинг халқаро майдондан четда қолмаслиги зарурлиги қайд этилди. Транспорт ва энергетика коридорларини ушбу давлат орқали ривожлантириш резолюцияси таклиф этилди. Ғазо ва Украинада сиёсий ечим топиш зарурати ва тинчликка чақириқ билдирилди.
Терроризмга қарши кураш йўналишида Ўзбекистон БМТ билан ҳамкорликда Реабилитация ва қайта интеграция бўйича Минтақавий Кенгаш тузгани маълум қилиниб, унга Халқаро компетенциялар маркази мақоми бериш ва минтақада БМТ офисини очиш таклиф этилди.
Бундан ташқари, денгизга чиқиш имконияти йўқ мамлакатларнинг муаммоларига эътибор қаратилиб, “Барқарор ривожланиш мақсадлари учун ўзаро транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш” глобал механизмини жорий қилиш таклиф этилди.
Экология ва сув хавфсизлиги бўйича Орол денгизи тубида 2030 йилга қадар 80 фоиз майдонда яшил қопламалар яратиш режаси тилга олинди. Шунингдек, Сувни тежаш бўйича жаҳон форуми ва иқлим миграциясига қарши Глобал пакт ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди.
Шунингдек, рақамли тенгсизликни камайтириш зарурлиги қайд этилиб, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида сунъий интеллект ечимларини алмашиш бўйича халқаро механизм яратиш таклифи билдирилди.
Президентимиз ўз чиқишида ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратиб, “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш ва қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш таклифини илгари сурди. Шу билан бирга, ислом маърифати ғояларини чуқур ўрганиш, Ислом цивилизацияси марказини очиш, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий меросига бағишланган тақдимотларни БМТда ўтказиш режаси билдирилди.
Депутат сифатида мен бу нутқни Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг изчил давоми ва миллий манфаатларимизнинг халқаро майдонда муносиб ҳимоя қилиниши сифатида баҳолайман. Ушбу нутқ парламент олдига қонун ижодкорлиги йўналишида илгари сурилган таклифларни қонунчилик асосларига жорий этиш, уларнинг самарали амалга оширилиши устидан назоратни кучайтириш, жамият ва давлат институтлари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш каби вазифаларни қўймоқда.
Ундаги ғоялар миллий қадриятларимиз ва демократик тараққиёт ғоялари билан уйғун тарзда ҳам халқимизнинг, ҳам жаҳон ҳамжамиятининг умумий манфаатларига хизмат қилади.
Азамат ПАРДАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
ЎзА