Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессияси жаҳон ҳамжамияти учун глобал сиёсатда янги қарашлар, мулоқот ва ҳамжиҳатликни шакллантиришда ҳал қилувчи босқич сифатида тарихий аҳамият касб этди.
“Биргаликда яхшироқ: тинчлик, тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари учун 80 йил ва ундан кўпроқ” шиори остида ўтган мазкур нуфузли йиғилишда давлат раҳбарлари инсоният олдида турган умумбашарий муаммоларга янги ечимлар излаш мақсадида ўз қарашларини баён этдилар.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ушбу минбардаги нутқи нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё ва жаҳон ҳамжамияти учун муҳим сиёсий сигнал сифатида эътироф этилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида халқаро институтлар таъсири заифлашиб бораётганини таъкидлаб, БМТ Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш, унинг таркибини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Бу таклиф глобал қарорлар қабул қилиш жараёнларида адолат ва самарадорликни таъминлаш йўлида муҳим қадам сифатида қаралмоқда.
Президент нутқида камбағалликни қисқартириш, таълим ва соғлиқни сақлашни ривожлантириш, яшил энергетика ҳамда инфратузилмани модернизация қилиш каби йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида урғу берилди. Шунингдек, педагоглар учун халқаро саммит ташкил этиш ва хотин-қизлар форумини доимий платформага айлантириш ташаббуслари илгари сурилди.
Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо, инвестиция, транспорт ва инфратузилма соҳаларидаги интеграцияни кучайтириш зарурлиги қайд этилди. Айниқса, Афғонистон орқали халқаро транспорт ва энергетика коридорларини шакллантириш таклифи минтақанинг иқтисодий ва геосиёсий аҳамиятини янада оширишга хизмат қилади.
Шавкат Мирзиёев илгари сурган таклифларнинг долзарблиги ва глобал аҳамияти шундаки, БМТ фақатгина Хавфсизлик Кенгаши таркибини кенгайтириш ва қарор қабул қилиш жараёнларини очиқлаштириш орқали замонавий таҳдидларга муносиб жавоб бера олади.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар – камбағалликни қисқартириш, таълим қамровини ошириш, яшил энергетикага инвестицияларни кўпайтириш – нафақат миллий тараққиёт, балки жаҳон миқёсида Барқарор ривожланиш мақсадларини рўёбга чиқаришга ҳам хизмат қилади.
Минтақадаги интеграция жараёнлари барқарорлик ва тараққиётнинг асосий драйвери сифатида кўрилмоқда. Афғонистон орқали транзит йўлларининг очилиши эса минтақани жаҳон иқтисодий тизимининг марказий нуқтасига айлантириши мумкин.
Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш, тенглик ва адолатга эътибор қаратиш жаҳон ҳамжамияти учун барқарор ривожланишнинг энг муҳим шартларидан бири сифатида белгиланди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ минбаридан янграган нутқи минтақавий ва глобал барқарорлик, тинчлик ва адолат учун стратегик чақириқ сифатида баҳоланмоқда. Илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар амалга оширилса, улар нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунёда тинчлик, адолат ва барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилади.
Жаҳонгир Саримсоқов,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси.