“Global Jewelry Fair 2026”: Ўзбекистон заргарлик саноати халқаро майдонда
Пойтахтимиздаги “Ҳумо Арена” мажмуасида “Global Jewelry Fair 2026” халқаро заргарлик кўргазмаси бошланди.
“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамиятининг асосий ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур халқаро кўргазма Савдо-саноат палатаси, “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси ҳамда Global Exhibition Group компанияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, Ўзбекистон заргарлик саноати бугун туб ислоҳотлар ва жадал ривожланиш босқичини бошдан кечирмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган иқтисодий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири хомашёни шунчаки экспорт қилиш эмас, балки қимматбаҳо металларни мамлакатимизнинг ўзида чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматга эга тайёр миллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришдан иборат.
Мамлакатимиз бу борада катта хомашё захиралари ва саноат салоҳиятига эга. Республикамизда ҳар йили салмоқли миқдорда олтин ва кумуш қазиб олинади. Соҳага қаратилаётган эътибор заргарлик саноатини ривожлантириш учун янги имкониятлар яратмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда тадбиркорлар ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятини кенгайтириш учун қатор қулайликлар жорий этилди. Жумладан, заргарлик соҳасида фойдаланиладиган айрим технологиялар, ускуналар ва қадоқлаш воситаларини импорт қилишда божхона божлари бўйича имтиёзлар берилди.
Шунингдек, солиқ соҳасидаги қатор енгилликлар тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулотларига шахсий тамға ва асиллик даражаси белгисини мустақил қўйиш ҳуқуқининг берилиши ҳам соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу билан бирга, хомашёни биржа савдолари ва тўғридан-тўғри шартномалар асосида харид қилиш имкониятлари кенгаймоқда.
Энг муҳими, тайёр заргарлик буюмлари экспорти ҳажми ортиб бормоқда.
Президентимизнинг 2024 йил 23 июлдаги заргарлик соҳасига оид фармонида тармоқни тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш вазифалари белгиланган. Соҳада яратилган қулай шарт-шароитлар натижасида фаолият юритаётган тадбиркорлар сони ҳам ортиб бормоқда.
[gallery-32191]
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган заргарлик буюмлари Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Италия, Болгария, АҚШ, Испания, Россия, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва бошқа давлатлар бозорларига экспорт қилинмоқда. “Ўзмиллийбанк” эса бу жараёнда муҳим молиявий ҳамкор сифатида иштирок этмоқда.
Банк томонидан заргарлик соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун молиявий маблағлар ажратилмоқда. Шунингдек, 2025 йилдан бошлаб мамлакатимизда биринчи бўлиб нақд пулсиз шаклда олтин ва кумуш депозитларини қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилди.
Тадбиркорлик субъектлари учун зарур инфратузилмани шакллантириш мақсадида Андижон, Фарғона, Наманган, Бухоро, Қашқадарё ва Тошкент шаҳарларида заргарлик марказлари ташкил этилган. Ушбу марказларда ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва соҳадаги тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда.
“Global Jewelry Fair 2026” халқаро кўргазмасининг асосий мақсади Ўзбекистоннинг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларини хорижий заргарлик компаниялари, инвесторлар ва ишбилармон ҳамкорлар билан боғлаш, миллий маҳсулотларни халқаро бозорларда кенг танитишдан иборат.
Тадбир доирасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва инвестицияларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Келгусида кўргазмани Марказий Осиёдаги йирик халқаро заргарлик майдончаларидан бирига айлантириш, иштирокчилар географиясини янада кенгайтириш режалаштирилган.
Шунингдек, қимматбаҳо тошлар, табиий ва лаборатория шароитида етиштирилган олмослар, замонавий технологиялар ҳамда ишлаб чиқариш ускуналарини тақдим этувчи компанияларни жалб қилиш кўзда тутилган. Бу эса маҳаллий корхоналар учун илғор тажрибаларни ўрганиш, янги технологияларни ўзлаштириш ва хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш имконини беради.
—Мамлакатимизда заргарлик соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда, — деди Андижон заргарлик кластери раҳбари Ирода Неъматова. — Бунинг натижасида янги технологияларни амалиётга жорий этиш, заргарлик соҳасида тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратиш учун имкониятлар кенгаймоқда. Миллий банк томонидан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва замонавий технологияларни жорий этиш учун имтиёзли кредитлар олиш борасида яратилган қулайликлар фаолиятимиз самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Икки кун давом этадиган кўргазма доирасида тақдимотлар, ишбилармонлик учрашувлари, музокаралар ва заргарлик буюмлари намойишлари ўтказилмоқда.
“Global Jewelry Fair 2026” маҳаллий заргарлик саноатининг салоҳиятини халқаро миқёсда намоён этиш, экспорт географиясини кенгайтириш ва янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Н.Усмонова,
Н.Ҳайдаров (сурат)
ЎзА