Глобал автомобиль бозоридаги трансформация: Германия тажрибаси ва Хитой билан ҳамкорликнинг янги босқичи
Жаҳон автомобиль саноати сўнгги йилларда тарихий ўзгаришлар даврини бошдан кечирмоқда. Электр транспорт воситалари, рақамли технологиялар ва интеллектуал бошқарув тизимларининг жадал ривожланиши анъанавий автомобилсозлик моделини тубдан ўзгартирмоқда. Бу жараёнда илғор технологияларни тез ўзлаштира олган давлатлар рақобатда устунликка эришмоқда, трансформация суръатларига мослаша олмаган айрим йирик ишлаб чиқарувчилар эса янги воқеликка мослашиш зарурати билан юзма-юз келмоқда.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Германиянинг етакчи автомобилсозлик компаниялари фаолиятида кузатилаётган ўзгаришлар нафақат мамлакат иқтисодиёти, балки бутун жаҳон автомобиль бозорида кечаётган тенденцияларни ҳам яққол намоён этмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, Volkswagen, Mercedes-Benz ва BMW каби дунёга машҳур компаниялар электромобиллар бозоридаги кучли рақобат, сотувлар ҳажмининг пасайиши ҳамда қайта ташкил этиш жараёнлари билан боғлиқ мураккаб вазифаларни ҳал қилишга ҳаракат қилмоқда.
Хусусан, Volkswagen Group келгуси йилларда жаҳон бўйлаб ўн минглаб иш ўринларини қисқартириш ва Германиядаги айрим ишлаб чиқариш қувватларини оптималлаштириш масаласини кўриб чиқмоқда. Mercedes-Benz компанияси Хитойдаги бизнес стратегиясини қайта кўриб чиқмоқда, BMW эса халқаро миқёсда ходимлар сонини қисқартириш режасини эълон қилди.
Молиявий кўрсаткичлар ҳам соҳадаги босим ортиб бораётганини тасдиқламоқда. Биринчи чоракда Mercedes-Benz нинг соф фойдаси 17 фоиздан ортиқ қисқарган бўлса, BMW да бу кўрсаткич 23 фоизни ташкил этди. Volkswagen таркибига кирувчи Audi брендининг Хитой ва Шимолий Америка бозорларидаги етказиб бериш ҳажми ҳам сезиларли даражада камайди.
Мутахассислар бу ҳолатнинг асосий сабабларидан бири сифатида электр транспорт воситалари ва интеллектуал технологияларга ўтиш жараёнининг нисбатан секин кечганини кўрсатмоқда.
Бугунги кунда Хитой янги энергия манбаларида ҳаракатланувчи автомобиллар соҳасида жаҳоннинг энг йирик бозорларидан бирига айланган. Хитой Йўловчи автомобиллар ассоциацияси маълумотларига кўра, мамлакатда май ойида янги қувват манбаларида ҳаракатланувчи автомобилларнинг чакана савдодаги улуши 62,9 фоизга етган.
Бу рақам мамлакатда амалга оширилаётган технологик янгиланишлар, илмий-тадқиқот ишларига кенг сармоя киритилаётгани ҳамда инновацион ишланмаларни саноатга тез жорий этиш сиёсати ўз самарасини бераётганини кўрсатади.
Хитой компаниялари аккумулятор технологиялари, интеллектуал бошқарув тизимлари, автоном ҳайдов ва рақамли экотизимларни ривожлантиришга катта эътибор қаратаётган бир пайтда, айрим анъанавий ишлаб чиқарувчилар ҳали ҳам ички ёнув двигателига асосланган моделлардан асосий даромад олишда давом этмоқда.
Натижада жаҳон автомобиль бозорида рақобат мезонлари ҳам ўзгармоқда. Энди харидорлар учун нафақат бренд тарихи, балки рақамли имкониятлар, интеллектуал функциялар, энергия тежамкорлиги ва экологик самарадорлик ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу ўзгаришлар Германияда ҳам янги ёндашувларни шакллантирмоқда.
Хусусан, айрим федерал ерлар раҳбарлари Хитой компаниялари билан саноат ҳамкорлигини кенгайтириш орқали мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини сақлаб қолиш ва рақобатбардошликни ошириш таклифини илгари сурмоқда.
Қуйи Саксония федерал ери бош вазири Штефан Вайль Volkswagen компанияси Хитой автомобилсозлари билан ҳамкорликни кучайтириши мақсадга мувофиқлигини таъкидлади. Шунингдек, у Германиядаги заводларда хитойлик ишлаб чиқарувчилар автомобилларини йиғиш имкониятини ҳам истисно қилмади.
Саксония федерал ери иқтисодиёт вазири Дирк Пантер ҳам Цвиккаудаги Volkswagen корхоналари учун Хитой компанияларини стратегик шерик сифатида жалб қилиш ғоясини илгари сурди.
Бу каби таклифлар саноат сиёсатида прагматик ёндашув тобора муҳим аҳамият касб этаётганини кўрсатади. Ишлаб чиқариш қувватларини сақлаб қолиш, янги инвестицияларни жалб этиш ва технологик ҳамкорликни ривожлантириш кўплаб мамлакатлар учун устувор вазифага айланмоқда.
Экспертларнинг фикрича, 1999-2025 йиллар давомида жаҳон автомобилсозлиги географияси тубдан ўзгарди. Европа ва Шимолий Американинг умумий ишлаб чиқаришдаги улуши пасайиб борган бўлса, Хитойнинг улуши 3 фоиздан 36 фоизгача ўсди. Бу эса глобал автомобиль саноати маркази босқичма-босқич Осиё томон силжиётганини англатади.
Бугунги кунда технологик трансформация даври халқаро ҳамкорликнинг аҳамиятини янада оширмоқда. Давлатлар ва компаниялар рақобат билан бир қаторда ўзаро манфаатли кооперацияни ҳам ривожлантиришга интилмоқда.
Бу жиҳатдан Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Кейинги йилларда икки давлат ўртасида инвестиция, саноат кооперацияси, “яшил” иқтисодиёт, электр транспорти, инновациялар ҳамда юқори технологиялар соҳаларида ҳамкорлик изчил кенгайиб бормоқда. Бу ҳамкорлик мамлакатимизда замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, илғор технологияларни ўзлаштириш ва саноатнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Жаҳон автомобиль саноатида кечаётган бугунги ўзгаришлар яна бир ҳақиқатни тасдиқламоқда: инновация, технология ва очиқ ҳамкорлик иқтисодий тараққиётнинг асосий омилига айланмоқда.
Германия каби ривожланган саноат давлатларининг ҳам янги технологияларни тезроқ ўзлаштириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга интилаётгани глобал иқтисодиётда ўзаро манфаатли шериклик тобора муҳим ўрин тутаётганини кўрсатади.
Замонавий технологиялар даврида муваффақиятга эришиш нафақат кучли саноат базасига, балки ўзгаришларга қанчалик тез мослаша олиш ва халқаро ҳамкорлик имкониятларидан самарали фойдаланишга ҳам боғлиқ.
Нилуфар Бозорова, ЎзА