Ўзбекистон электротехника саноати: Жаҳон бозорида янги ютуқлар ва имкониятлар
Қисқа муддатда Ўзбекистон электротехникаси халқаро бозорда муҳим иштирокчига айланди. Саноатнинг улкан ўсиш суръатлари ва келажакдаги амбицияларини Тошкент вилоятидаги жараёнлар мисолида таҳлил қилиб кўрамиз.
Ўзбекистон электротехника саноати жаҳон бозорига фаол интеграциялашиб, етакчи брендлар билан рақобатбардошлигини исботламоқда. Маҳсулот сифатининг юқорилиги бу муваффақиятнинг асосий омили бўлиб, соҳада ишлаб чиқариш ҳажми, иш ўринлари ва даромадлар изчил ўсишига замин яратди. Ўн йил муқаддам, электротехника саноатининг ишлаб чиқариш ҳажми 1,665 триллион сўмни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг дастлабки етти ойида бу кўрсаткич 30 триллион сўмга етди. Йил якунига қадар эса 51 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бугунги кунда Ўзбекистон электротехника маҳсулотлари 65 та давлатга экспорт қилинмоқда. Бу ютуқлар ортида давлатнинг соҳага кўрсатаётган доимий эътибори, тақдим этилаётган имтиёзлар, илмий-амалий ёндашувларнинг уйғунлиги ҳамда Ўзбекистоннинг бой хомашё базаси муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
–Бу лойиҳанинг аҳамияти шундан иборатки, биринчиси жуда катта импортни оптималлаштириш, иккинчиси технологик мустақиллик, – дейди “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов. – Яъни, бугунги кунда электротехника соҳаси жадал ривожланаётган бир пайтда Президентимиз нафақат энергетика соҳасини ривожлантиришга эътибор қаратдилар, балки энергетика соҳаси учун энергетика қурилмаларини, маҳсулотларини етказиб бериш бўйича ҳам қулай шароитлар яратиб бердилар. Бунинг эвазига ушбу корхона оддий чироқ ишлаб чиқаришдан, бугунги кунда мингдан зиёд одам ишлайдиган кластерга айланди, десак тўғри бўлади.
Жорий йил 12 сентябрда қабул қилинган Президент қарори – “Электротехника саноатини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳужжат тармоқ тараққиётида янги даврни бошлаб берди. Унга кўра, 2030 йилга қадар электротехника саноатида ишлаб чиқариш ҳажмини 130 триллион сўмга, экспорт ҳажмини 5 миллиард АҚШ долларига етказиш, 3 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестицияларни жалб этиш ҳамда тармоқдаги бандликни 50 минг кишига етказиш кўзда тутилган. Бу борада амалий ҳаракатлар аллақачон бошланган.
–2019 йилда бор-йўғи 116 миллион долларлик электротехника маҳсулотини хорижга экспорт қилганмиз, – дейди “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси маслаҳатчиси Намоз Толипов. – Бу йилдан бошлаб бизнинг экспорт кўрсаткичимиз 1,5 миллиард долларга етди. Бунга асосий омил сифатида давлат томонидан қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар пойдевор бўлиб хизмат қиляпти. Бугунги кунда соҳада фаолият юритаётган йирик тадбиркорлар 500 нафарни ташкил этади. Ҳаттоки экспорт географияси ҳам ошди. Авваллари биз саноқли давлатларга экспорт қилган бўлсак, бу йилдан бошлаб 72 мамлакатда электротехника маҳсулотлари етказиб бериляпти.
Жумладан, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида юқори ва паст кучланишли электротехника ускуналарини ишлаб чиқаришга ихтисослашган “NURA Electric” янги ишлаб чиқариш мажмуаси фойдаланишга топширилди. Ушбу мажмуада тайёрланган электротехника маҳсулотлари авваллари катта миқдорда хориждан келтирилган ускуналарнинг ўрнини босиши ва келгусида экспорт қилиниши кутилмоқда. Корхонанинг очилиш маросимида келгусида бу борада амалга ошириладиган ишлар ва стратегик режалар муҳокама этилди.
Тадбир доирасида янги мажмуанинг ишлаб чиқариш қувватлари ва технологик имкониятлари тақдим этилди. 20 гектар майдонни эгаллаган мажмуада 10 та ишлаб чиқариш цехи мавжуд бўлиб, унинг ривожланишига 50 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилган. Йилига 25 000 дан ортиқ юқори кучланишли ускуна ишлаб чиқариш имконини беради. Лойиҳа доирасида 1 000 та иш ўрни яратилиб, маҳаллийлаштириш даражаси 60 фоизни ташкил этади. Мажмуада 120 дан ортиқ юқори технологик ускуна ва дастгоҳлар ўрнатилган. Ишлаб чиқариш жараёнларида замонавий автоматлаштирилган технологиялар қўлланилади ва SAP ERP тизими асосида рақамлаштирилган. Бу ерда электр қувватини узатиш ва тақсимлаш тизимларида қўлланиладиган турли хил энергетика ускуналари, жумладан, 10 ва 35 кВли комплект тақсимлаш қурилмалари, реле ҳимояси ва автоматика жавонлари ҳамда комплект трансформатор подстанциялари ишлаб чиқарилади. Мажмуа 10 кВдан 500 кВгача бўлган электр подстанциялари учун ечимларни лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ва ўрнатиш, шунингдек, қуёш ва шамол электр станциялари учун реле ҳимояси жавонларини тайёрлаш имкониятига эга.
Ўзбекистон электротехника саноати жаҳон бозорида рақобатбардошлигини ошириб, маҳсулот сифати ҳамда давлатнинг изчил қўллаб-қувватлаши эвазига сезиларли ўсишга эришмоқда. Соҳадаги ишлаб чиқариш ҳажмининг кескин ортиши ва экспорт географиясининг кенгайиши бунинг яққол исботидир. Президентнинг янги қарори асосида белгиланган 2030 йилгача мўлжалланган стратегик режалар, жумладан, ишлаб чиқариш, экспорт, инвестиция ва бандлик кўрсаткичларини ошириш мақсадлари тармоқнинг келгуси тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда. "NURA Electric" каби замонавий мажмуаларнинг ишга туширилиши мазкур стратегиянинг амалий ифодаси бўлиб, маҳаллийлаштириш, янги иш ўринлари яратиш ва юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали саноатнинг янги босқичга кўтарилаётганини кўрсатади.
Санжар Тошпўлатов,
Дониёр Якубов (видео),
Искандар Исматов,
ЎзА