Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази ходимлари “Усмон Шер Шамшод” масъулияти чекланган жамиятида бўлишди.
Тадбиркорлик фаолиятида ташаббускорлик, харидорларнинг диди ва талабини тўғри аниқлай олиш ва буни ишлаб чиқариш жараёнида қўллай билиш – давр талаби. Бу талабни чуқур англаган ҳолда ўзи ва атрофидагиларга наф етказаётган, пировардида халқ ҳаётининг яхшиланишига ҳисса қўшаётган тадбиркорларимиз бугун талайгина.

Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази ходимлари тадбиркорлар фаолияти билан яқиндан танишиш, лойиҳалар самарадорлигини ўрганиш мақсадида Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги “Усмон Шер Шамшод” масъулияти чекланган жамиятида бўлганида ҳам бу фикр ўз тасдиғи топди.
Айтиш керакки, “Усмон Шер Шамшод” масъулияти чекланган жамияти 2011 йилда ташкил этилган. Бошланиши ўз имкониятлари доирасида иш кўрган тадбиркор кейинчалик соҳага қаратилган катта эътибордан унумли фойдаланган ҳолда фаолиятини бир неча баробарга кенгайтиришнинг уддасидан чиқди. Жумладан, 2019 йили халқаро молия институтлари маблағларидан молиялаштирган ҳолда корхонаси негизида 2.5 гектар майдонда агрологистика ва мева-сабзавот кластерини ташкил этди. 12 млн. АҚШ доллари қийматидаги ушбу агрологистика ва мева сабзавот кластерида 200дан ортиқ доимий ва 1000 нафардан ортиқ мавсумий иш яратиш, ҳудудда етиштирилаётган мева ва сабзавотларни қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан боғлиқ мақсадлар белгиланган бўлиб, лойиҳа босқичма-босқич тарзда амалга оширилмоқда. Корхонанинг 2021 йилдаги даромади 13 млрд. сўмдан зиёд бўлди. Лойиҳа доирасида Хитойдан қайта ишлаш цехи келтирилган бўлиб, унда мевалар сифати ва ҳажми бўйича сараланиб қадоқланмоқда, бу орқали иш жараёни янгича тизимда ташкил қилинган ҳамда иш ўринлари яратилган. Шунингдек, Австриядан келтирилган қайта ишлаш цехида тайёрланаётган меваларнинг махсус туридан олинувчи сок ва жем ҳам харидорларга маъқул келаётганини эътироф этиш лозим.
Бундан ташқари лойиҳа доирасида 2000 тонналик совуткичли сиғим ускуналари ўрнатилди. 20 дона рефрежаторли тиркамалар ҳамда 40 дан ортиқ юк машиналари келтирилган бўлиб, мазкур воситалар иш самарадорлигини оширишда қўл келмоқда. Шунингдек логистика маркази негизида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш маскани ҳамда замонавий мотел хизматлари ташкил этилди. Биргина 2021 йилда логистика маркази томонидан кўрсатилувчи транспорт хизматидан 14,2 млрд. сўм даромад қилинган бўлса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортидан топилган даромад 20,9 млрд. сўмни ташкил қилган.
Тадбиркорнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш – унинг фаолиятини кенгайтиришга замин яратади. Шу маънода кластер учун 1150 гектар ер майдонининг боғ ташкил қилиш учун ажратилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўтган қисқа фурсат ичида 300 гектар ер ўзлаштирилиб, 200 гектарида узумзор, 100 гектарида турли хил мевали боғ яратилди. Энг муҳими, ернинг қолган қисмини босқичма-босқич ўзлаштириш, кўчат қадаш ишлари давом эттирилмоқда. Кўчатлар замонавий ва тежамли томчилаб суғориш тизими орқали суғориляпти.
Лойиҳа доирасида барпо этилган маъмурий бинода хизмат хоналари, меҳмонхона, ресторан, кафе, магазин, агромагазин, декларант офиси, ўсимликлар карантини инспектори учун офис ва лаборатория қурилиши тугалланган. Келгусида бу ерда 2000 тоннага мўлжалланган совуткич (+5С +15С) қуриш, 3000 куб метр ҳажмдаги сиғимга эга божхона омбори барпо қилиш, қўшимча маъмурий бино, юк машиналарига тураргоҳ, юк машиналарини техник кўрикдан ўтказувчи маскан, ҳайдовчиларга ошхона, хожатхона, ювиниш хонаси қуриш кўзда тутилган.
Ҳозирги кунда корхона таркибида 22 та музлатгич тиркамали юк ташиш машиналаридан фойдаланилмоқда, бундан ташқари, 13 та юк ташиш машиналари ижарага берилган. Шунингдек, махсус техникалардан 4 та трактор, 1 та экскаватор, 3 та 2 тонналик, 1 та 5 тонналик юк юклаш машиналари тадбиркорнинг оғирини енгил қилмоқда. Жорий йилнинг 1-чорагида транспорт хизматлари кўрсатиш орқали кластер 726 млн. сўмдан зиёд даромад топгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Бир сўз билан айтганда, “Усмон Шер Шамшод” масъулияти чекланган жамиятининг самарали фаолияти юртимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётгани ислоҳотлар бераётган натижаларга яққол исботдир.
Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик
ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро
маркази Матбуот хизмати