Гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва тарқатиш билан боғлиқ ҳолат аниқланди
Сўнгги вақтларда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси, айниқса, синтетик наркотик моддаларни яширин шароитда тайёрлаш ва тарқатиш ҳолатлари жамият хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда.
Ана шундай ҳолатлардан бири Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида аниқланди.
Хусусан, 2002 йилда туғилган фуқаро Чилонзор туманида жойлашган кўп қаватли уйлардан биридаги хонадонни ижарага олиб, синтетик наркотиклар тайёрлаш ва тарқатиш билан шуғулланган.
Холислар иштирокида ўтказилган кўздан кечириш жараёнида мазкур хонадондан «закладка» усулида тарқатиш мақсадида зип-пакетларга қадоқланган гиёҳвандлик воситалари, электрон тарози, миксер, фен, шприцлар, 1000 дона бўш шаффоф пакет, 1000 дона бўш флакон ва бошқа ашёлар аниқланди.
Тезкор тадбир давомида манзилдан жами 3,5 кг гашиш мойи, 600 гр гашиш, 200 гр марихуана ҳамда таркибида наркотик модда бўлган 8 дона печенье ашёвий далил сифатида олинди.
Ҳолат юзасидан мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 276¹-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА