Гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш билан шуғулланган шахслар қўлга олинди
Бугунги кунда наркотик моддаларни тарқатишнинг турли усуллари пайдо бўлмоқда. Шулардан бири — интернет орқали фаолият юритаётган онлайн наркодўконлар. Сирдарё вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида ана шундай ноқонуний фаолият билан шуғулланаётган онлайн наркодўконлар фаолиятига чек қўйилди.
Хусусан, 1996 ва 1998 йилларда туғилган эркак ва аёл Гулистон шаҳрида хонадонни ижарага олиб, ундан нафақат яшаш, балки гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш мақсадида ҳам фойдаланиб келган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси, вилоят Ички ишлар ҳамда Божхона бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ижарага олинган хонадон кўздан кечирилганда, иситиш мосламаси ичига яширилган 337 грамм «гашиш» моддаси аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.
Суриштирув жараёнида мазкур шахслар интернетдаги наркодўкон орқали «закладчик» ва гиёҳвандлик воситаларини қадоқловчи сифатида фаолият юритиб келгани маълум бўлди.
Шунингдек, улар яна бир манзилни ижарага олиб, ундан гиёҳвандлик воситаларини сақлаш омбори сифатида фойдаланган. Ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу манзилдан тарқатиш учун тайёрлаб қўйилган, 65 та кичик ўрамга қадоқланган, умумий оғирлиги 208 граммни ташкил этувчи «гашиш» моддаси ҳам ашёвий далил сифатида олинди.
Навоий вилоятида ҳам гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний тарқатилишига чек қўйилди. Хусусан, ДХХ, ички ишлар органлари ҳамда Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида Кармана туманида «закладка» усули орқали гиёҳвандлик воситаларини тарқатиб келган 3 нафар шахс қўлга олинди. Улардан 20 грамм «Спайс» синтетик наркотик моддаси ашёвий далил сифатида мусодара қилинди.
Тезкор суриштирув давомида мазкур шахслар Кармана туманидаги бир нечта “хуфия жой”ларга жами 542 грамм “Спайс” моддасини яшириб қўйганликлари аниқланиб, ушбу гиёҳвандлик воситалари ҳам процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
ДХХ Навоий вилояти бўйича бошқармаси ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида Самарқанд шаҳрида ҳам тезкор тадбир ўтказилди. Маълум бўлишича, парранда гўшти маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи дўкон ишчиси жами 492 грамм “опий” моддасини кичик бўлакларда қадоқлаб, келгусида сотиш мақсадида дўконда сақлаётгани фош этилди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Ички ишлар ва Миллий гвардия билан ҳамкорликда Тўрткўл туманида ўтказилган тезкор тадбирда 1972 й.т. маҳаллий фуқаро ушланиб, унинг ёнида бўлган целлофан пакет холислар иштирокида кўздан кечирилганда 471 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг шериги ҳисобланган – 1964 й.т., муқаддам судланган шахснинг автомашинасидан 425 грамм, яшаш хонадонидан эса 97 та гугурт қутисига жойлаштирилган, умумий оғирлиги 1 кг 175 гр.ни ташкил этувчи “марихуана” олинди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА