Божхона қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикасидан қўшни давлатга чиқиб кетиш учун “Ғишткўприк” чегара божхона постига фуқаро А.И. бошқарувида кириб келган “Трекер” русумли енгил автоулови белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.
Натижада автоуловнинг салонида йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда тақдим этилмаган 42 780 АҚШ доллар нақд хорижий валютаси борлиги аниқланди. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, амалдаги тартибларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда доимий яшаш жойига эга бўлган ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 100 миллион сўм эквивалентига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдорда нақд хорижий валютани йўловчи божхона декларациясида кўрсатган ҳолда эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади.
ЎзА