Сўнгги кунларда пойтахт аэропортида нақд хорижий валюталарни яширинча олиб чиқишга бўлган уринишлар ортди. Божхоначилар салкам 110 минг АҚШ доллари миқдоридаги нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб чиқилишига чек қўйди.
Жумладан, Нью Йоркка парвози олдидан йўловчилардан бири қўл сумкасидаги 42 минг 200 АҚШ доллари ҳақида божхона ходимларига на оғзаки, на ёзма тарзда маълум қилган.
Истанбулга учиб кетаётган 2 нафар йўловчилардан бирининг 19 минг 900 АҚШ долларини, иккинчисининг эса 18 минг 200 АҚШ долларини қўл сумкаларида бамайлихотир олиб чиқишга уринишлари наф бермади.
Янги йилнинг илк кунида эса Пекинга сафарга отланган хорижий фуқаро йўловчи божхона декларацияси ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, 12 минг 200 АҚШ долларини олиб чиқаётган вақтида тўхтатиб қолинди.
Шунингдек, божхона ходимлари Бишкекка учиб кетаётган йўловчининг 4450 АҚШ доллари ва Нью Йоркка учиб кетаётган йўловчининг 11 минг 810 АҚШ долларини ноқонуний олиб чиқишга бўлган уринишини бартараф этди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда. Рақамларга кўра, республикамиз божхоначилари ўтган 2024 йилда 37,5 миллиард сўм эквивалентидаги валюта қимматликларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, амалдаги қонунчиликка кўра жисмоний шахслар фақатгина эквиваленти 100 миллион сўмга тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд валюта маблағларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига божхона назорати қоидаларига риоя этилган ҳолда чекловларсиз олиб чиқишлари мумкин.
Ш.Маматуропова, ЎзА