Гимнастикачилар Ўзбекистон кубогида сараланди
Навоий шаҳрида катталар ўртасида бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақаси якунига етди.
Уч кун давомида “Ёшлар” спорт мажмуасида ўтказилган мусобақада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган 120 нафардан зиёд спортчи ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Мусобақа натижаларига кўра, кўпкураш бўйича гуруҳ машқларида мамлакатимиз терма жамоаси биринчи, “ИРБОЎЗСМ” иккинчи, Самарқанд вилояти жамоаси учинчи ўринни эгаллади. Яккалик машқларида Наталья Усова олтин, Севинч Мўминова кумуш, Ясмина Алимарданова бронза медалига сазовор бўлди.
Жамоавий ҳисобда Тошкент шаҳри вакиллари ғолибликни қўлга киритди. Самарқанд вилояти иккинчи, Навоий вилояти учинчи ўринни эгаллади.

Гуруҳ машқларининг 5 та тўп билан бажариладиган дастурида “ИРБОЎЗСМ” биринчи, Бухоро вилояти иккинчи, “СОПСТТМ” учинчи ўринни банд этди. 3 жуфт ҳалқа ва 2 жуфт булава билан бажариладиган дастурда эса Навоий вилояти жамоаси ғолиб бўлди. Самарқанд вилояти иккинчи, Тошкент шаҳри учинчи ўринни эгаллади.
Яккалик машқларининг ҳалқа дастурида Наталья Усова олтин, Виктория Никифорова кумуш, Севинч Мўминова бронза медалини қўлга киритди. Тўп билан бажарилган машқларда Ясмина Алимарданова ғолиб бўлди. Сабрина Зариббоева иккинчи, Севинч Мўминова учинчи ўринни эгаллади.

Булава дастурида Наталья Усова шоҳсупанинг юқори поғонасига кўтарилди. Сабрина Зариббоева кумуш, Ясмина Алимарданова бронза медалига сазовор бўлди.
Тасма билан бажарилган машқларда ҳам Наталья Усова биринчи ўринни эгаллади. Севинч Мўминова иккинчи, Сабрина Зариббоева учинчи бўлди.
Шу тариқа, Ўзбекистон кубоги мусобақаси ғолиб ва совриндорларни аниқлаб берди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА