Гиламдўз Оқилой опа 15 нафар қизга онлайн сабоқ бермоқда
Олмалиқлик ҳунарманд Оқилой Хўжамқулова пандемия сабаб ўз ишини тўхтатишга мажбур бўлган эди.
Олмалиқлик ҳунарманд Оқилой Хўжамқулова пандемия сабаб ўз ишини тўхтатишга мажбур бўлган эди. Кейинги пайтда тадбиркорларга берилаётган қулайлик Оқилой опанинг даромад топишига ҳам имконият яратди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилишича, Оқилой опа момомерос гиламдўзлик санъатини авлоддан авлодга етказишни мақсад қилган. Шу сабабли, у кўплаб шогирдларига ушбу ҳунар сирларини ўргатиб келмоқда. Аҳамиятлиси, ҳунарманднинг табиий жундан қўлда ва қадимий дастгоҳда тўқиган гиламлари нафақат маҳаллий бозорда, балки хорижда ҳам харидоргир.
– Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан менга онлайн сабоқ бериш учун шароит яратиб берилиб, маош тайинланди, – деди Оқилой Хўжамқулова. – Эндиликда мен ҳам масофадан туриб, 15 нафар шогирдимга гиламдўзликнинг сир-асрорларини ўргатиш ва ишлаб чиқаришни давом эттирган ҳолда яна қўшимча даромад топиш имконига эга бўлдим.
Худди шундай сандиқчилар сулоласининг учинчи вакили Абдимўмин Давлатов ҳунарини фарзандлари ва набираларига ўргатиб келмоқда. Даромади шу ҳунар орқали бўлган ҳунарманднинг иши пандемия туфайли тўхтаб қолган эди.
Унинг Олмалиқ шаҳар прокуратурасига қилган мурожаати қисқа фурсатда ҳал этилиб, уйда фаолияти билан шуғулланишга шароит яратиб берилди.
Умуман, юртимиздаги иш билан банд аҳолининг 74 фоиздан зиёди хусусий секторда меҳнат қилаётганлигини ҳисобга олсак, бу каби эзгуликларни амалга ошириш халқимиз ҳаёти учун жуда муҳимдир.
Умуман, юртимиздаги иш билан банд аҳолининг 74 фоиздан зиёди хусусий секторда меҳнат қилаётганлигини ҳисобга олсак, бу каби эзгуликларни амалга ошириш халқимиз ҳаёти учун жуда муҳимдир.