ГФРнинг навбатдаги президенти лавозимига асосий номзод ким?
Германиянинг Бавария федерал парламенти раиси Илзе Айгнер мамлакатнинг навбатдаги президенти лавозимига асосий номзодлардан бири сифатида кўрилмоқда. У амалдаги давлат раҳбари Франк-Вальтер Штайнмайернинг ўрнини эгаллаши мумкин.
“DW” нашри ёзишича, федерал канцлер, Христиан-демократик иттифоқи (ХДИ) раиси Фридрих Мерц Айгнер номзодини қўллаб-қувватлаган.
Германияда президент асосан вакиллик вазифаларини бажаради. Бироқ у давлат раҳбари сифатида мамлакатнинг конституциявий тузуми, демократик қадриятлари ва миллий бирлигини ифода этувчи муҳим шахс ҳисобланади.
61 ёшли Илзе Айгнер ГФР сиёсий ҳаётида катта тажрибага эга. У меҳнат фаолиятини электротехника соҳасида бошлаган, кейинчалик авиация саноатида ишлаган. 1994 йилда Бавария парламентига сайланган, 1998–2013 йилларда Бундестаг депутати бўлган.
2008–2013 йилларда Ангела Меркель ҳукуматида озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича федерал вазир лавозимида фаолият юритган. Кейинчалик Бавария иқтисодиёт вазири бўлиб ишлаган. 2018 йилдан буён Бавария парламентига раислик қилиб келмоқда.
Айгнернинг президентликка номзоди Бавария бош вазири Маркус Зёдер томонидан ҳам қўллаб-қувватланган. Сиёсий кузатувчилар унинг номзоди атрофида консерватив партиялар билан бир қаторда бошқа сиёсий кучлар вакиллари ўртасида ҳам муайян якдиллик шаклланаётганини таъкидламоқда.
Агар Айгнер сайланса, у Германия тарихидаги биринчи аёл федерал президент бўлади. Айни пайтда унинг эҳтимолий сайланиши Германия консерватив кучлари ўртасидаги сиёсий мувозанатга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Хусусан, бу ҳолат Бавария бош вазири Маркус Зёдернинг келгусида канцлерликка номзод бўлиш имкониятлари билан боғлиқ муҳокамаларни кучайтирмоқда.
Германиянинг навбатдаги президенти Бундестаг депутатлари ва федерал парламентлари сайлаган вакиллардан ташкил топадиган Федерал мажлис томонидан сайланади. Амалдаги президент Франк-Вальтер Штайнмайер икки муддат давлат раҳбари бўлгани сабабли, Конституцияга мувофиқ учинчи муддатга сайлана олмайди.
Таъкидланишича, ўлкада президент сайлови 2027 йил 30 январда ўтказилади. Федерал мажлис 1 260 нафар аъзодан иборат бўлади. Амалдаги президентнинг ваколат муддати 2027 йил 18 мартда тугайди.
А.Маматов, ЎзА