ГФР аҳоли хавфсизлиги учун миллиардлаб маблағ сарфламоқчи
Германия ички хавфсизлик ва аҳолини фавқулодда вазиятлардан ҳимоялаш тизимини тубдан ислоҳ қилмоқда.
“Bild” нашри ёзишича, мамлакат расмийлари 2029 йилгача бўлган даврда ушбу мақсадлар учун 10 миллиард евро йўналтиришни кўзда тутмоқда.
Ҳукумат режасига кўра, маблағлар қуйидаги устувор йўналишларга сарфланиши белгиланган: мамлакат ИИВ тузилмасига кирувчи Техник ёрдам федерал агентлигининг объектлари янгиланади ва таъмирланади. Шунингдек, қутқарувчилар учун мингдан ортиқ махсус соҳавий машиналар сотиб олинади.
Тезкор кучлар ва жойлаштириш: Федератив республика бўйлаб хавф-хатарларга зудлик билан жавоб қайтарадиган 50 та махсус гуруҳ тузилади. Бундан ташқари, зарурат туғилганда аҳолини вақтинчалик бошпана билан таъминлаш учун 110 мингта кўчма лагерь ўрин-жойлари захираси яратилади.
Оммавий таълим ва янги стандартлар: Қутқарув тизими ходимларини оммавий қирғин қуроллари (кимёвий, биологик, радиациявий ва ядровий хавфлар) шароитида ҳаракат қилишга ўргатиш бўйича умумий мажбурий қоидалар жорий этилади. Фуқаролик мудофааси асосларини мактаб ўқув дастурларига алоҳида дарс сифатида киритиш таклиф этилди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА