Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида фаол тадбирлар олиб бормоқда.
Шундай тадбирлар давомида 1967 йилда туғилган, Ургут тумани Чеп маҳалласида яшовчи А.Д. ва 1982 йилда туғилган, Ваткан-Қўзибек маҳалласида яшовчи Ш.Х. жиноий тил бириктириб, гиёҳванд модда олди-сотдиси билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланди.
Вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини жалб қилган ҳолда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар А.Д., З.Ф. ҳамда Ш.Х. ҳаракатланиб кетаётган автомашинада 248,33 грамм миқдорда героин гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, холислар иштирокида расмийлаштирилди.
Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситалари фуқаро А.Д. га тегишли бўлиб, уни Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида яшовчи фуқарога етказиб беришни режалаштирган.
Мазкур ҳолат бўйича Ш.Х. ва А.Д.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Ғ. Ҳасанов, ЎзА мухбири