Мамлакатимиз тўқимачилик соҳасида халқаро брендларни сотиб олиш маҳаллий саноат учун бир қатор муҳим қулайликлар яратади. Жумладан, бундай ҳамкорлик маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни халқаро талаб ва стандартларга мослашишга рағбатлантиради, ишлаб чиқариш жараёнлари ва маҳсулот сифати ошишига хизмат қилади.
Яқинда Ўзбекистон тўқимачилик корхонаси – “Камалак Шабнам Текс” МЧЖ маҳаллий бизнес амалиётида илк бор хориж брендини сотиб олишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси Халқаро брендларни жалб қилиш бўлими бошлиғи Абдулазиз Абдураҳимов ЎзА мухбирига маълум қилди.
– Албатта, бу мамлакатимиз тўқимачилик саноати учун катта янгилик бўлди, – деди А.Абдураҳимов. – Чунки халқаро брендлар билан ҳамкорлик маҳаллий корхоналарнинг ташқи бозорларга чиқиши, хорижий инвестиция ва замонавий технологияларни жалб этишига кенг йўл очади. Бу эса, ўз навбатида, маҳаллий брендларнинг рақобатбардошлигини ошириб, соҳанинг умумий ривожланиши ва мамлакат иқтисодиёти ўсишига салмоқли ҳисса қўшади.

Бухоро вилоятидаги “Камалак Шабнам Текс” МЧЖ яқинда йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш жараёнида Германиянинг машҳур “Curt Bauer” компанияси активларини тўлиқ Ўзбекистонга олиб киришга эришди. Бу мамлакатимиз маҳаллий бизнес амалиётида илк бор жаҳон миқёсида тан олинган ва 140 йилдан ортиқ тарихга эга хорижий тўқимачилик брендининг расман сотиб олинишидир. Ушбу воқеа мамлакатнинг тўқимачилик саноатида халқаро бозорлар йўналишидаги ривожланиши учун жиддий босқич бўлди.
Таъкидлаш жоиз, “Curt Bauer” компанияси 1882 йилда Германиянинг Саксония минтақасида ташкил этилган бўлиб, уй учун премиум тоифадаги матолар, техник тўқимачилик ҳамда Ғарбий Африка бозори учун махсус дамаск матоларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Компания ноанъанавий дизайн, юқори ишлаб чиқариш сифати ва инновацион тўқимачилик муҳандислиги билан халқаро бозорда алоҳида ўрин эгаллайди.
Хўш, хорижий брендни қўлга киритиш “Камалак Шабнам Текс” МЧЖга нима беради? Бу имконият туфайли мазкур маҳаллий компания юртимиз ҳудудида “Curt Bauer” брендига нисбатан эксклюзив мулк ҳуқуқига эга бўлди. Яъни, Ўзбекистон тўқимачилик саноати нафақат ички бозор, балки глобал майдонда ҳам ўз ўрнини мустаҳкамлаш йўлида яна бир қадам ташлади.
Мазкур лойиҳа доирасида автомобилсозлик, мудофаа саноати, авиация, тиббиёт ва маиший эҳтиёжлар учун полиэстер ва полиамид асосида юқори сифатли техник ҳамда уй тўқимачилиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бу нафақат 785 та янги иш ўрни яратилишига йўл очади, балки Германиянинг илғор тўқимачилик технологиялари ва муҳандислик ёндашувларини Ўзбекистонга олиб кириш имконини беради.
Ушбу келишув мамлакатда юқори технологияли қайта ишлаш салоҳиятини кучайтириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ҳудудларда барқарор иш ўринлари яратиш каби стратегик мақсадларга тўлиқ мос келади. Лойиҳа маҳаллий ишлаб чиқаришнинг халқаро миқёсда рақобатбардошлигини ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.