Германияда учувчилар иш ташлади
Германияда “Lufthansa” гуруҳига кирувчи авиакомпаниялар учувчилари иш ташлашни бошлади.
Қайд этилишича, акция “Vereinigung Cockpit” касаба уюшмаси ташаббуси билан 13 апрель куни старт олган. Унда “Lufthansa Cargo”, “Lufthansa City Line” ҳамда “Eurowings” учувчилари ҳам иштирок этмоқда.
Уюшма баёнотига кўра, иш ташлашга авиакомпаниялар томонидан корпоратив пенсия дастури ва жамоавий шартномалар юзасидан етарли таклиф берилмагани сабаб бўлган. Уюшма раиси Андреас Пиньейру бу қарорни “музокараларни сақлаб қолиш учун охирги чора” деб атади.
Таъкидланишича, Яқин Шарқдаги вазият сабаб Озарбайжон, Баҳрайн, Миср, Исроил, Иордания, Ироқ, Қатар ва БААга амалга ошириладиган парвозлар иш ташлаш доирасига киритилмаган.
Иш ташлаш натижаси Франкфурт-Майне ва Мюнхен аэропортларида парвоз жадвалига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Йўловчиларга рейслар ҳолатини олдиндан аниқлаш тавсия этилган. Жараён 14 апрель куни соат 23:59 гача давом этади.
Д.Ҳакимов, ЎзА