Германия “Tomahawk” билан қуролланади
АҚШ Германияга узоқ масофага зарба бериш имконига эга “Tomahawk” қанотли ракеталари сотилишини маъқуллади. Бу ҳақда Канцлер Фридрих Мерц маълум қилди. Унинг айтишича, NATO саммити доирасида эришилган келишув мамлакат мудофаа салоҳиятидаги муҳим бўшлиқни тўлдиришга хизмат қилади.
Мерц айтишича, Вашингтон нафақат “Tomahawk”, балки ракетани ердан учиришга мўлжалланган “Typhon” мажмуасини сотишга ҳам август ойигача расман рухсат беради. Қанча аслаҳа етказиб берилиши ҳақидаги маълумот махфий сақланмоқда. Берлин эса келажакда шундай имкониятга эга Европа ишланмаларини яратиш устида иш олиб борилишини маълум қилди.
"Tomahawk" – АҚШда ишлаб чиқилган, узоқ масофага учадиган қанотли ракета бўлиб, 1 600 километрдан ортиқ масофадаги нишонни аниқ нишонга олади. Германия ушбу қуролни Россиянинг Калининград вилоятига жойлаштирилган “Iskander” ракеталарига қарши тийиб туриш стратегиясининг муҳим қисми сифатида баҳоламоқда.
Айни пайт Европа давлатларида "Tomahawk" билан тенглаша оладиган маҳаллий тизим мавжуд эмас. Демак, ГФР ва NATO таркибидаги бошқа мамлакатлар бу борада ҳозирча АҚШ технологиясига таянишга мажбур. Дарвоқе, Буюк Британия бошчилигида 12 давлат томонидан кейинги ўн йил давомида янги авлод узоқ масофали аниқ зарба берувчи қуролларни яратиш учун 50 миллиард долларлик қўшма дастур амалга оширилиши эълон қилинди.
Мусулмон Зиё, ЎзА