Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 30-январдаги ПФ-16-сонли фармони доирасида, “Яшил иқтисодиёт йили”да аҳолига қулайлик яратиш ва бирламчи касалликларни эрта аниқлаш мақсадида жойларда амалий тадбирлар ўтказилмоқда.
Шу муносабат билан Чилонзор тумани ҳокимлиги ташаббуси, туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда туман Санитария-эпидемиология қўмитаси ҳамкорлигида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва касалликларни эрта аниқлаб, даволаш мақсадида бугун Чилонзор туманидаги 163-мактаб биносида тўртта маҳалла аҳолиси учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.
Тиббий кўрик давомида ҳокимлик ва санитария-эпидемиология қўмитаси томонидан 1,5 ёшдан 14 ёшгача бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари учун харид қилинган вирусли гепатит А (Мевак) ваксинациясидан 40 нафар бола бепул эмланди. Ушбу тадбир туман миқёсида давом этмоқда.
Чуқурлаштирилган тиббий кўрикда 20 дан ортиқ тор соҳа мутахассислари фаол иштирок этди. Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан донорлик бўйича кўчма диагностик автобуслар, шунингдек, УЗИ, ЭКГ, кўчма рентген аппаратлари ва лаборатория ускуналари жойлаштирилди.
Тиббий кўрик давомида жами 251 нафар аҳоли қатнашди. Улардан 37 нафарида бирламчи касалликлар аниқланиб, диспансер назоратига олинди. 87 нафар фуқарога бепул дори-дармонлар тарқатилди. 4 нафар фуқаро эса имтиёзли тарзда шаҳар шифохоналарига электрон йўлланма асосида даволаниш учун юборилди.
Шунингдек, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва аҳолининг тиббий маданиятини ошириш мақсадида мутахассислар томонидан соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик мавзуларида бепул маслаҳатлар берилди.
<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/BCQzSuj1IU8" title="Gepatit A ga qarshi bepul emlash ishlari olib borildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Фардона Яхшибоева, Дониёр Якубов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА