Газ жиҳозингизнинг созлиги учун ким масъул?
Инсон ҳаёти ва саломатлиги ҳар қандай бойликдан устун. Айниқса, кундалик турмушда фойдаланиладиган газ жиҳозларининг техник ҳолатига бефарқлик оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш, ис газидан заҳарланиш ва газ чақнаши билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали томонидан маҳаллаларда тарғибот ва тушунтириш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Мутахассислар хонадонма-хонадон юриб, аҳолини газдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига амал қилишга, газ жиҳозларини мунтазам техник кўрикдан ўтказишга ҳамда энерготежамкор қурилмалардан фойдаланишга чақирмоқда.

Кўпчилик истеъмолчилар орасида газ плитаси, иситиш қозони ёки бошқа газ жиҳозлари носоз ҳолатга келганда уларни таъмирлаш ва техник ҳолати учун газ таъминоти ташкилоти жавобгар, деган тушунча шаклланган.
2024 йил 31 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 319-сонли қарорида истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари батафсил кўрсатиб берилган. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, кўп қаватли ва якка тартибдаги уй-жойларда ўрнатилган газ плиталари ҳар икки йилда камида бир марта техник кўрикдан ўтказилиши, бошқа турдаги газдан фойдаланувчи ускуналар эса буюртма асосида ҳар йили техник тафтишдан ўтказилиши шарт, бу ишлар газ таъминоти ташкилоти ёки тегишли ваколатга эга бўлган ташкилотлар томонидан амалга оширилиши мумкин, техник кўрикни ташкил этиш ва унинг ўз вақтида ўтказилишини таъминлаш эса бевосита истеъмолчининг мажбурияти ҳисобланади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, иситиш мавсуми бошланиши билан ис газидан заҳарланиш, газ чақнаши ва ёнғин билан боғлиқ ҳолатлар сони ортади. Афсуски, ушбу ҳодисаларнинг аксарияти носоз газ жиҳозлари, муддати ўтган ёки талабга жавоб бермайдиган газ баллонлари ҳамда нотўғри ўрнатилган икки контурли иситиш қурилмалари сабабли юз беради.
—Ҳар бир фуқаро ўз хавфсизлигига йил давомида масъулият билан ёндашиши лозим. Кўп ҳолатларда бахтсиз ҳодисаларнинг асосий сабаби газ жиҳозларининг вақтида текширилмагани ва техник талабларга риоя қилинмаганидир. Вазирлар Маҳкамасининг 319-сонли қарорида бу борадаги масъулият аниқ белгилаб берилган, —дейди “Ҳудудгаз Бухоро” филиали масъул ходими Комил Қаҳҳоров.

Газ — қулайлик манбаи. Бироқ ундан нотўғри фойдаланиш катта хавф туғдиради. Шу боис ҳар бир хонадон эгаси газ жиҳозларининг техник ҳолатини мунтазам назорат қилиши, мутахассислар тавсияларига амал қилиши ва профилактик текширувларни кечиктирмаслиги зарур.
Унутмаслик керак, газ жиҳозининг ўз вақтида техник кўрикдан ўтказилиши нафақат қонун талабидир, балки инсон ҳаётини сақлаб қолувчи муҳим омил ҳамдир.
Бугун хавфсизлик масаласига бефарқ қараш эртанги кун учун оғир оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Газ жиҳозларининг созлиги учун биринчи навбатда истеъмолчининг ўзи масъул экани қонунчиликда мустаҳкам белгилаб қўйилган. Демак, ҳар бир фуқаро ўз хонадонидаги газ қурилмаларини мунтазам техник кўрикдан ўтказиб, хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилса, кўплаб бахтсиз ҳодисаларнинг олди олинади. Зеро, эҳтиёткорлик ва масъулият оила тинчлиги ҳамда инсон ҳаётининг энг ишончли кафолатидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири