Газ таъминотида самарадорлик, тежамкорлик ва жамоатчилик назорати
"Юксалиш" ҳаракатининг Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан аҳолини суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилди.
Унда “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали директори Маҳмуд Нормаматовнинг 2026 йилда амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисоботи эшитилди
Таъкидланганидек, энергетика соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар бугун ҳар бир хонадон ҳаётида ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан барқарор таъминлаш, инфратузилмани модернизация қилиш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва тармоқда очиқликни таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда Навоий вилоятида 190 мингдан зиёд табиий газ истеъмолчиси мавжуд. Уларга 4315,8 километрлик газ тармоқлари орқали хизмат кўрсатилмоқда. Шу билан бирга, 106 мингдан ортиқ хонадон ҳамда 80 га яқин ижтимоий соҳа объектлари суюлтирилган газ билан таъминланмоқда.

– Сўнгги йилларда газ тармоқларини модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди М.Нормаматов. – Газ қувурларини реконструкция қилиш, эски тармоқларни янгилаш, газ тақсимлаш пунктларини замонавий ускуналар билан алмаштириш ишлари режа асосида амалга оширилмоқда. Жумладан, 2025 йилда 26,1 километр газ қувури мукаммал таъмирланди, қўшимча равишда 5,6 километр ер ости газ қувурлари ер устига чиқарилди, 9,2 километр қўш қатор газ қувурлари ягона тармоққа бирлаштирилди. Шунингдек, 38 та газ тақсимлаш пункти тўлиқ янгиланди, 1309 та газ тақсимлаш пункти техник кўрикдан ўтказилди.
Газ тармоқларининг хавфсизлиги ва ишончлилигини таъминлаш мақсадида 108,4 километр газ қувурлари босим остида синовдан ўтказилиб, 426,2 километр ер ости газ қувурлари махсус газ сизишини аниқловчи лаборатория орқали текширилди. 160 километрдан зиёд газ қувурлари эстетик жиҳатдан тартибга келтирилди.
Ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида газ таъминотининг икки босқичли тизимига ўтиш ишлари ҳам жадал олиб борилмоқда. Ҳисобот даврида тармоқдаги техник йўқотишларни камайтириш, газ босимини барқарорлаштириш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида 12 минг 319 та хонадон уч босқичли тизимдан икки босқичли тизимга ўтказилди.

Тизимда энергия тежамкор технологияларни жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоят бўйича режалаштирилган 6380 та ўрнига 8184 та хонадонда эски, ностандарт газ ёндиргичлари энергия тежамкор жиҳозларга алмаштирилди.
Соҳада рақамлаштириш ишлари ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Ғозғон шаҳридаги 1181 та аҳоли хонадонларига “смарт” электрон газ ҳисоблагичлари ўрнатилди. Шунингдек, ҳар бир шаҳар ва туманда биттадан маҳалла “Ақлли маҳалла” лойиҳаси асосида тўлиқ рақамлаштирилди. Бу маҳаллаларда амалга оширилган техник тадбирлар натижасида ойига 31,1 минг куб метр, йилига эса 373,2 минг куб метр табиий газ тежаш имконияти яратилди. Бу қарийб 2039 та оиланинг бир йиллик газ эҳтиёжига тенгдир.
Эътиборлиси, 2026 йил учун 31,1 миллион куб метр табиий газни иқтисод қилиш вазифаси белгиланган бўлса, ярим йиллик якунларига кўра 18,6 миллион куб метр газ иқтисод қилинди. Маълумотларга кўра, 2025 йилда белгиланган 34,9 миллион куб метр ўрнига амалда 68,2 миллион куб метр газ тежалган.

Вилоятда 100 мингдан ортиқ хонадонда маиший газ баллонларидан фойдаланилади. Айни пайтда филиал тасарруфида 4 та газ тўлдириш шохобчаси, 1 та газ тўлдириш станцияси ва 33 та махсус автотранспорт воситаси хизмат кўрсатмоқда. Жорий йил бошидан аҳолига қарийб 6951 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Куз-қиш мавсуми учун эса 8244 тоннадан зиёд суюлтирилган газ захираси шакллантирилган.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида аҳолига узлуксиз газ етказиб бериш мақсадида газ қувурларини таъмирлаш, юқори босимли газ тақсимлаш пунктларини янгилаш, авария хизматлари учун зарур эҳтиёт қисмлар захирасини яратиш, 19 та авария бригадасини шакллантириш каби чоралар кўрилди.
Бугунги кунда вилоятда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишга қарши кураш чоралари ҳам кучайтирилган. 2026 йил давомида 1513 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, етказилган 9 миллиард 360 миллион сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Жамоатчилик эшитувида тизимда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири