Газ таъминотида тезкорлик ва ишончлилик омили
Аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда иқтисодиёт тармоқларини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш, айниқса, куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ва уларни тезкор бартараф этиш долзарб вазифалардан биридир. Шу боис мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан энергетика тизимининг барқарорлигини таъминлаш, мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш, аҳолига энергия ресурсларини узлуксиз етказиб бериш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу жараёнда газ таъминоти корхоналарининг техник имкониятларини ошириш, авария-таъмирлаш бригадаларининг шайлигини таъминлаш, зарур эҳтиёт қисмлар ва материаллар захирасини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, газ тармоғидаги ҳар қандай носозликка ўз вақтида муносабат билдириш нафақат таъминот барқарорлиги, балки аҳоли хавфсизлиги учун ҳам ҳал қилувчи омилдир.
Ана шу мақсадда “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиалида авария захира омбори қайта қурилиб, унинг майдони кенгайтирилди. Бугун мазкур омборда газ тармоқларида юзага келиши мумкин бўлган носозликларни қисқа муддатларда бартараф этиш учун зарур асбоб-ускуналар, техник воситалар ва эҳтиёт материаллари жамланган.
Шунингдек, филиал тасарруфидаги 14 та авария-таъмирлаш бригадаси махсус автотранспорт воситалари ҳамда ҳимоя анжомлари билан таъминланиб, ишга шай ҳолатга келтирилган. 65 та газ пайвандлаш аппарати тайёрлангани, 5 минг дона маиший газ баллони захираси яратилгани ҳам қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган турли вазиятларга олдиндан тайёргарлик кўрилаётганидан далолат беради.

Энергетика вазири Шерзод Хўжаев ҳамда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқаруви раиси Маруфхон Хўжаев мазкур омборда бўлиб, яратилган шароитлар, мавжуд захиралар, махсус техникалар ва авария-таъмирлаш бригадаларининг шайлик ҳолати билан танишди.
Ўрганиш давомида газ таъминоти тизимининг қишки юкламаларга тайёрлиги, авариявий ҳолатларда тезкор ҳаракат қилиш имкониятлари ва мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, Бухоро туманида барпо этилаётган янги ўқув-амалиёт майдончасидаги ишлар ҳам кўздан кечирилди. Мазкур майдонча дуал таълимни ривожлантириш, ёш мутахассисларнинг назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш, соҳада малакали кадрлар тайёрлаш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Бу эса газ таъминоти тизимида замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга мутахассислар сафини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Ташриф якунида масъулларга куз-қиш мавсуми давомида авариявий ҳолатларни тезкор бартараф этиш, мавжуд захиралар ва махсус техникалардан мақсадли фойдаланиш, бригадаларнинг доимий шайлигини таъминлаш ҳамда истеъмолчиларни табиий газ билан узлуксиз таъминлаш борасидаги ишларни янада кучайтириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Зеро, қиш мавсумига тайёргарлик фақатгина зарур захираларни жамлаш ёки техник воситаларни ҳозирлаш билан чекланмайди. Бу энг аввало, ҳар бир хонадонда хотиржамликни, ижтимоий объектларда узлуксиз фаолиятни ва иқтисодиёт тармоқларида барқарор иш жараёнини таъминлашга қаратилган масъулиятли вазифадир. Шу маънода, газ таъминоти тизимида яратилаётган бундай шароитлар мавсумий хавф-хатарларнинг олдини олиш, эҳтимолий муаммоларга тайёр туриш ва аҳоли ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири