Газ таъминотида рақамли мониторинг ишга туширилди
Бугунги кунда коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари томонидан аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида замонавий ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Янгиқўрғон тумани Наманган вилоятининг чекка ва асосан адирликлардан иборат ҳудуди ҳисобланиб, аҳолига табиий ва суюлтирилган газни узлуксиз етказиш борасида рақамлаштириш имкониятларидан тўлақонли фойдаланилмоқда.

"Янгиқўрғон тумангаз" газ таъминоти бўлимининг газ таъминоти объектларини техник тиклаш ва ишлатиш хизмати ходимлари “ArcGIS Quick Capture” иловаси орқали ҳар куни бажарилган ишлар юзасидан маълумотларни “ArcGIS–HGT Onlayn boshqaruv” тизимига онлайн тарзда юборишмоқда.
Жараёнлар натижасида тизимга келиб тушган маълумотлар автоматик равишда умумлаштирилиб, таҳлил қилинади. Натижада ҳар бир ходимнинг меҳнат фаолияти, шунингдек, лавозим йўриқномасида белгиланган вазифа ва мажбуриятларнинг тўлиқ ҳамда сифатли бажарилиши устидан доимий назорат олиб бориш имконияти яратилди.

– Соҳамизда рақамлаштириш жараёнларининг кенгайиши газ қувурлари ва қурилмаларини масофадан туриб онлайн назорат қилиш, юзага келадиган авария ва носозликларни тезкор аниқлаш ҳамда уларни қисқа фурсатда бартараф этиш имкониятларини янада кенгайтиради, – дейди “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти “"Ҳудудгаз Наманган" газ таъминоти филиали директори Иброҳимжон Мамажонов. – Бу эса, ўз навбатида, газ таъминоти тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизмат сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА