Газ етиб бормаган ҳудудларда электр энергияси учун чегирма жорий этилиши мумкин
Жорий йилнинг 27 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳолини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, айниқса, табиий газ тармоғи етиб бормаган ҳудудларда яшовчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор вазифалар белгиланди.
Мазкур топшириқлар ижроси доирасида энергетика вазири Шерзод Хўжаев электр энергияси тарифларини такомиллаштириш бўйича режалаштирилаётган ўзгаришлар ҳақида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, янги ёндашувнинг асосий мақсади табиий газ тармоғи етиб бормаган ҳудудларда яшовчи аҳоли учун энергия ресурсларидан фойдаланишда адолатли ва манзилли тариф тизимини шакллантиришдан иборат.
–Давлатимиз раҳбари ҳақиқий вазиятни яхши билганлари учун бизга шундай топшириқ бердилар. Ҳозир мамлакатда қарийб 2 мингта маҳаллага табиий газ етиб бормаган. Бу ҳудудлардаги аҳоли аллақачон уйларини электр энергияси билан иситиб келмоқда. Бироқ, улар электр энергияси учун ҳеч қандай чегирмасиз, тўлиқ тариф бўйича тўлов қилиб келяпти.
Бизга берилган вазифа ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб тариф сиёсатини қайта кўриб чиқишдан иборат. Яъни, турар жойнинг кўп қаватли ёки якка тартибдаги уй экани, ҳудуднинг энергия ресурслари билан таъминланганлик даражаси каби омиллар асосида индивидуал тарифлаш тизими яратилади.
Табиий газ етиб бормаган ва иситиш учун электр энергиясидан фойдаланаётган истеъмолчи электр энергияси учун чегирма олиш ҳуқуқига эга бўлиши керак, – дея қайд этди Шерзод Хўжаев.
Эслатиб ўтамиз, Президент томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун ҳозирда республика ҳудудларида Энергетика вазирлиги ва тизим ташкилотлари масъулларидан иборат ишчи гуруҳлар фаолият олиб бормоқда. Улар жойлардаги мавжуд ҳолатни ўрганиб, аҳоли ва тадбиркорларни электр энергияси ҳамда табиий газ билан барқарор таъминлаш юзасидан манзилли чораларни кўрмоқда.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА