Газлаштирилмаган ҳудудларда электр энергияси учун базавий меъёр 350 кВт соатга оширилади
Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 31 октябрдаги 601-сон қарорига мувофиқ, белгиланган рўйхатга киритилган хонадонлар иситиш мавсумида ойига 350 кВт·соатгача электр энергиясидан 1 кВт·соат учун 650 сўмлик базавий тариф асосида фойдаланиши мумкин.
Ҳозирда "Ҳудудгазтаъминот" АЖ томонидан шакллантирилган ҳудудлар рўйхати маҳаллий ҳокимликлар билан келишилмоқда. Тасдиқланган маълумотлар "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖга тақдим этилиб, биллинг тизимига киритилмоқда. Ушбу жараённи 25 ноябрга қадар якунлаш режалаштирилган.
Янги тартибдан фойдаланиш учун фуқаролардан ариза ёки қўшимча ҳужжат талаб этилмайди. Шунингдек, электр ва газ таъминоти идораларига мурожаат қилиш ҳам шарт эмас. Меъёр тасдиқланган рўйхат асосида тегишли хонадонларга автоматик равишда қўлланилади.
Мазкур тартиб 1 ноябрдан амал қилаётгани боис, рўйхатга киритилган хонадонларнинг ноябрь ойидаги электр энергияси истеъмоли ҳам янги меъёр асосида ҳисоб-китоб қилинади.
Масалан, бир ойда 300 кВт·соат электр энергияси сарфлаган хонадон аввалги меъёр бўйича 220 минг сўм тўлаши керак бўлган бўлса, янги тартибга кўра бу сумма 195 минг сўмни ташкил этади. Натижада истеъмолчининг харажати 25 минг сўмга камаяди.
Таъкидланишича, ҳудудлар ва хонадонлар рўйхатини шакллантириш, маълумотларни биллинг тизимига киритиш ҳамда тўловларни янги меъёр асосида ҳисоблаш ишлари Энергетика вазирлиги, тегишли ташкилотлар ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан амалга оширилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА