Олий Мажлис Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисида Сенат Раиси Т.Норбоева бир қатор долзарб масалаларга тўхталди.
– Кўп сонли мурожаатлар асосида куз-қиш мавсумида аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик субъектларини газ, электр энергияси ва кўмир билан таъминлашдаги мавжуд муаммолар ҳам Сенат Кенгашида танқидий кўриб чиқилди, – деди парламент юқори палатаси Раиси Т.Норбоева. – Хусусан, мазкур соҳага алоқадор барча мутасадди вазирлик, идора ва тузилмалар раҳбарларидан аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётган узилишлар юзасидан тўғридан-тўғри изоҳ сўралди.
Тегишли қарор қабул қилиниб, таъминот билан боғлиқ мавжуд муаммоларни бартараф этиш, энергия ресусларига бўлган эҳтиёжни реал баҳолаш ва тўлиқ қондириш, тизимни модернизациялаш, мутасаддилар жавобгарлигини кучайтириш ва энг муҳими, тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича қатъий вазифалар белгилаб берилди.
Куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам мазкур масала танқидий муҳокама қилиниб, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда ҳокимлар зиммасига таъминот масалаларини маҳаллабай ҳал қилиш, экспортни қисқартириб, газни аҳоли эҳтиёжларига йўналтириш бўйича аниқ, манзилли вазифалар юклатилди.
Бундан буён ушбу масала Сенатнинг алоҳида назоратида бўлади. Бу борада масъулиятсизликка йўл қўйган мансабдор шахслар бўйича парламент назорати доирасида давлат раҳбарига таклифлар киритилади. Фурсатдан фойдаланиб, бу каби долзарб масалаларга парламент эътиборини жалб қилаётган фаол юртдошларимизга раҳмат айтамиз.