Газ бор, муаммо йўқ...
– Авваллари нафақат қишда, ҳатто ёзда ҳам газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар тез-тез учрарди, –дейди Гулистон шаҳрида яшовчи меҳнат фахрийси Ҳусниддин бобо Исомиддинов. – Босим пастлиги ва турли техник носозликлар сабаб газ узилиб қоларди. Худога шукур, у кунлар ортда қолди. Ҳозир ҳисоблагич ҳам, босим ҳам жойида. Табиий газ таъминотида умуман муаммо йўқ.
Буни нафақат Ҳусниддин бобо, балки Гулистон шаҳридаги барча фуқаролардан эшитиш мумкин. Чунки сўнгги йилларда Гулистон шаҳрида газ таъминоти жуда яхшиланди. Бу “Гулистоншаҳаргаз” газ таъминоти бўлими жамоасининг тизимли ва узлуксиз меҳнати самарасидир.


Шаҳарда 28 мингдан ортиқ хонадон ва ташкилот табиий газдан фойдаланади. Улар деярли тўлиқ автомат ҳисоблаш ускуналарига уланган. Бу эса ҳар бир истеъмолчи қанча газ ишлатганини масофадан туриб аниқлаш имконини беради.
–Жорий йилнинг иккинчи чорагида уч мингдан зиёд ҳисоблагич янгиланди, батареялар алмаштирилди, – дейди “Гулистоншаҳаргаз” бўлими раҳбари Ваҳобжон Турдимуродов. – Шу билан бирга, газ тармоқлари тўлиқ назоратдан ўтказилиб, таъмирланди, бўялиб тартибга келтирилди. Қувурларда аниқланган носозликлар бартараф этилди, махсус ускуналар ёрдамида тозалаш ишлари амалга оширилди. Газ тарқатувчи қурилмалар кўрикдан ўтказилиб, созлаш ишлари олиб борилди. Бу чора-тадбирлар газнинг самарали тарқалишига, йўқотишларнинг камайишига хизмат қилмоқда. Албатта, тўлиқ ҳал этилмаган айрим масалалар ҳам бор. Бироқ, умумий ҳолат яхши, жиддий муаммолар қолмади. Биз учун ҳар бир хонадон аҳамиятли. Ҳар бир фуқаронинг розилиги бизнинг энг катта ютуғимиздир.


Яна бир муҳим натижа газ тежамкорлиги. Жорий йилнинг олти ойида режага нисбатан 135 минг куб метрдан ортиқ газ тежалган. Бу оддий рақам эмас, балки ҳисоб-китоб ва масъулиятли ёндашув самарасидир. Шу даврда 18 мингдан зиёд энергия тежовчи замонавий газ қурилмалари ишга туширилди. Минглаб хонадонларда янги тизимлар ўрнатилди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, йил бошидан буён бўлимга 59 та мурожаат келиб тушган. Бу ўтган йилга нисбатан анча кам. Демак, одамларда ишонч ортяпти, муаммолар эса камаймоқда. Энди “газ бор, муаммо йўқ” дейишга асос бор.


Ғулом Примов, ЎзА мухбири