Термиз давлат университетининг ахборот технологиялари факультети барча шароитларга эга 1 минг 850 ўринли замонавий янги биноси фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, пойтахтдан келган атоқли шоирлар, санъаткорлар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбирда Олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов, Ўзбекистон халқ шоири У.Азимов, сенатор О.Соатов, меҳнат фахрийси Ҳ.Шарофуддинов ва бошқалар сўнгги йилларда мамлакатимизда замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб олинганини таъкидлади. Бу жараёнда олий таълимни модернизация қилиб, илғор таълим технологияларига асосланган ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.


Президентимизнинг 2019 йил 9 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда. Концепция доирасида амалга оширилаётган ишлар олий таълим мазмунини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариб, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўшадиган, меҳнат бозорида ўз ўрнини топа оладиган юқори малакали рақобатбардош кадрлар тайёрлашда муҳим омил бўлаётир. Шунга мувофиқ профессор-ўқитувчилар талаба-ёшлар тарбияси учун барча шароитлар яратилмоқда.
– Воҳада ўтказилаётган "Маданият кунлари", "Маънавият фестивали" доирасида муҳташам ушбу таълим даргоҳи очилишида қатнашиб, чекка ҳудудларда ҳам ёшларнинг ўқиб, изланиши учун шундай шароитлар яратилаётганидан фахрландим, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гавҳар Зокирова. – Инсон қадри улуғланган тинч, обод Ватанда ёшу-кексага бирдек ғамхўрлик кўрсатилиб, мана шундай кошоналар бунёд этилаётганидан ҳар қанча суюнсак арзийди. Сурхондарё қадимдан буюк олим ва фузалолар, эл суйган бахши, шоир ва санъаткорлар юрти бўлиб келган. Ишонаманки, янги ўқув биноси ҳам кўплаб олимларга бешик бўлади. Янги Ўзбекистонни дунёга танитадиган улуғ инсонларни камолга етказади.


"Термиз таъминот" масъулияти чекланган жамияти қурувчилари бунёд этган 7 қаватли бинода талабалар учун барча шароит яратилган. Жумладан, 51 та ўқув аудиторияси, 8 та компьютер хонаси, етти мингдан ортиқ илмий ва бадиий китоб фондига эга кутубхона, ҳар бири 100 нафар талабани сиғдира оладиган учта маъруза зали, 1 та кенгаш ўтказиладиган зал, 9 та лаборатория, кафедра ва маъмурият хонаси барпо этилган. Барча компьютерлар интернет тармоғи ва Wi-Fi зонасига уланган. Кенг, ёруғ аудиториялар смарт доска билан таъминланган. Бир йўла 1 минг 850 талабани сиғдира оладиган янги ўқув биносида 176 нафар профессор-ўқитувчи ва ишчи ходим фаолият юритади.
Салобатли ўқув биносини замонавий архитектура ечимлари асосида қуриб, фойдаланишга топшириш учун 70 миллиард сўм маблағ сарфланди. Бу ерда ахборот технологиялари, физика-математика факультети ва магистратура босқичи талабалари учун ўқув машғулотлари олиб борилади.


– Факультетимиз ташкил этилганига икки йил бўлди, – дейди ахборот технологиялар факультети декани А.Сафаров. – Айни пайтда амалий математика ва информатика, компьютер тизимлари ва дастурлаш технологияси, математика ва информатика, информатика ўқитиш методикаси йўналишларида бакалавр, амалий математика ҳамда тармоқлар бўйича компьютер хизматлари ва уларнинг дастурий таъминоти йўналишида магистр кадрларга таълим берилмоқда. Улар 4 нафар профессор, 10 нафар фалсафа (PhD) доктори ва ўттиздан ортиқ етук малакали ўқитувчилардан сабоқ олмоқда. Ўн нафар докторант илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Янги бинода таълим сифати ва самарадорлигини ошириш учун етарли қулайлик мавжуд. Буларнинг барчаси кейинги йилларда олий таълимга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалдаги ифодасидир.
Бундан олти йил муқаддам Сурхондарё вилоятида фақат Термиз давлат университетида 7 мингдан ортиқ талаба таълим олган бўлса, эндиликда 6 та олий таълим муассасасида 40 мингдан зиёд йигит-қиз илм-фан сирларини ўрганаётир. Жорий ўқув йилида биргина Термиз давлат университетидаги 14 та факультет ва 43 та кафедрада 700 дан ортиқ профессор-ўқитувчи 65 та бакалавриат таълим йўналиши ҳамда 37 та магистратура мутахассислиги бўйича 25 мингдан зиёд талабага ўзлари танлаган касбларни мукаммал ўргатмоқда.


– Вилоятдаги энг йирик таълим муассасамизда бунёдкорлик ишлари давом эттирилмоқда, – дейди Термиз давлат университети ректори А. Мараҳимов. – Хусусан, 700 ўринга эга кўп қаватли талабалар турар-жойини барпо этмоқчимиз. Шунингдек, кўп қаватли инновацион технопарк, замонавий илмий текшириш лаборатория ва магистрлар тайёрлов ўқув-амалий илмий марказини қурмоқчимиз. Амалга оширилаётган бундай улкан бунёдкорлик ишлари Янги Ўзбекистон учун муносиб кадрлар тайёрлашга йўналтирилгани эътиборга сазовордир.
Тадбир иштирокчилари янги бинода яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Тантанали маросимда Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов иштирок этди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири