Мамлакат тараққиётининг кафолати
Бухоро вилоятида олий таълим муассасаларида ёшлар билан очиқ мулоқотлар ташкил этиш, уларнинг ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлаш, замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш борасида муҳим тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ана шундай амалий тадбирлардан бири Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Маҳмудова иштирокида Бухоро давлат педагогика институтида ташкил этилди. “Раҳбар ва ёшлар” мавзусида ўтган мазкур учрашув ёшлар билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг фикр-мулоҳазалари ва ташаббусларини эшитиш, мавжуд муаммоларга ечим топиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Бугунги кунда Бухоро давлат педагогика институти вилоятдаги йирик таълим масканларидан бирига айланган. 2021 йилда ташкил этилган мазкур олийгоҳда ҳозирда 12 минг 200 нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, уларнинг 9 минг 783 нафарини қизлар ташкил этади. Бу эса мамлакатимизда хотин-қизларни таълимга кенг жалб қилиш, уларнинг илм олиши ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун яратилаётган имкониятларнинг амалий самарасидир.
Институтда 6 та факультет фаолият юритиб, 700 нафарга яқин профессор-ўқитувчи таълим-тарбия жараёнига жалб қилинган. Илмий салоҳият ҳам юқори даражада бўлиб, 24 нафар фан доктори ҳамда 172 нафар фан номзоди ва доцентлар фаолият олиб бормоқда. Бу эса ёшларга сифатли таълим бериш, уларни замонавий билим ва кўникмалар билан таъминлашда муҳим омил ҳисобланади.
Тадбир доирасида Робахон Маҳмудова институтда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Замонавий ўқув аудиториялари, инновацион лабораториялар, ахборот-ресурс маркази, спорт мажмуалари ҳамда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга хизмат қилаётган инфратузилмалар юқори баҳоланди. Айниқса, сунъий интеллект хоналари, робототехника лабораториялари ва инклюзив таълим муҳитининг ташкил этилгани талабаларнинг амалий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Шунингдек, институтда фаолият юритаётган бошланғич партия ташкилоти фаолияти ҳам алоҳида эътироф этилди. Ёшларни сиёсий жараёнларга кенг жалб қилиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий маданияти ва фуқаролик позициясини шакллантириш борасида олиб борилаётган ишлар ижобий баҳоланди.
Тадбирнинг энг муҳим қисми “Раҳбар ва ёшлар” мавзусидаги очиқ мулоқот бўлди. Унда партия фаоллари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этиб, эркин ва самимий муҳитда фикр алмашилди. Очиқ мулоқот давомида таълим сифати, ёшлар бандлиги, инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, илмий изланишлар учун имкониятларни кенгайтириш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Институт ректори Баҳодир Маъмуров ўз чиқишида ёшларнинг мамлакат тараққиётидаги ўрни беқиёс эканини таъкидлаб, уларнинг интеллектуал салоҳияти Янги Ўзбекистон келажагини белгилашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини қайд этди. Шу билан бирга, ёшларнинг замонавий билим ва касбларни пухта эгаллаши, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбияланиши бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири эканини таъкидлади.
Робахон Маҳмудова ўз нутқида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни сифатли таълим ва муносиб иш ўринлари билан таъминлаш партия фаолиятининг устувор йўналишларидан бири эканини билдирди. У ёшларни илм-фанга, изланишга, ташаббускорликка ва миллий меросга муносиб ворис бўлишга чақирди.
Тадбирда “Ёш адолатчилар” қаноти фаолияти ҳақида ҳам маълумот берилди. Ушбу қанот томонидан ёшларни партия фаолиятига жалб қилиш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш ва жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар эътироф этилди.
Тадбир якунида партия фаолиятига қизиқиш билдирган бир гуруҳ ёшлар партия сафига қабул қилинди. Бу эса ёшларнинг сиёсий онги, фуқаролик масъулияти ва мамлакат келажагига дахлдорлик ҳисси тобора юксалиб бораётганидан далолат беради.
[gallery-29156]
Шунингдек, Бухоро давлат педагогика институти ректори Баҳодир Маъмуровга “Адолат” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди. Бу эътироф таълим соҳасида амалга оширилаётган самарали ишларга берилган муносиб баҳо сифатида қабул қилинди.
Бундай учрашув ва мулоқотлар ёшларнинг билим ва дунёқарашини кенгайтириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, мамлакат тараққиётига дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Энг муҳими, ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқот қилиш орқали уларнинг орзу-интилишлари қўллаб-қувватланиб, Янги Ўзбекистоннинг билимли, ташаббускор ва ватанпарвар авлодини тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА