Футзални ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон футзал федерациясининг навбатдаги ижроия қўмитаси йиғилишида 2026/2027 йилги футзал мавсуми, мамлакат Олий лигаси мусобақасининг дастлабки турлари ҳамда 2 сентябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Супер кубоги учрашувларига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.
ЎФФ Ижроия қўмитаси аъзолари, мамлакат терма жамоалари бош мураббийлари ҳамда федерация масъул ходимлари иштирок этган йиғилишда Ўзбекистон футзал федерацияси раҳбари Бекзод Маматқулов янги мавсумни юқори савияда ташкил этиш, миллий чемпионат нуфузини ошириш ҳамда футзални янада оммалаштириш зарурлигини таъкидлаб, учрашувларни замонавий инфратузилмага эга спорт иншоотларида ўтказиш, мусобақалар географиясини кенгайтириш, ҳакамлик, телетранслациялар ҳамда клубларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан тегишли тавсия ва вазифалар келтириб ўтди.

Муҳокамалар жараёнида Ўзбекистон миллий, ёшлар ва соҳил футболи терма жамоаларининг тақвим режалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, ФИФА кунлари доирасида миллий терма жамоанинг Европадаги кучли рақибларга қарши ўртоқлик учрашувлари, ёшлар терма жамоасининг ёпиқ иншоотларда ўтказиладиган Осиё ўйинларидаги иштироки ҳамда соҳил футболи терма жамоасининг Осиё чемпионатига тайёргарлиги юзасидан ҳисоботлар тингланди.
Йиғилиш кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, ЎФФ Интизом комиссиясининг янги таркиби тасдиқланди.
Т.Рўзиев, ЎзА