Футзал: Баҳодир Аҳмедов терма жамоа бош мураббийи бўлди
Футзал бўйича миллий терма жамоага тайинланган янги бош мураббий Баҳодир Аҳмедовни жамоатчиликка таништириш ва мураббий иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда иштирок этган Ўзбекистон футзал федерацияси президенти Бекзод Маматқулов ўзбек футзалида янги давр бошланаётганини, яқин истиқболда Осиё кубогини қўлга киритиш, жаҳон чемпионати йўлланмасига эга чиқиш энг муҳим вазифалардан бири эканини таъкидлади.
Анжуман давомида ЎФФ президенти Б.Маматқулов журналист ва блогерларнинг саволларига жавоб бериш асносида шу пайтгача терма жамоада бош мураббийлик қилиб келган испаниялик Хосе Мария Мендес саломатлиги сабабли лавозимидан кетганидан сўнг, федерация томонидан ушбу вазифага бир қатор маҳаллий ва хорижлик номзодлар кўриб чиқилганини, ўрганиш ва таклифлар асосида унинг ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Баҳодир Аҳмедов ижроия қўмита қарорига мувофиқ, терма жамоа бош мураббийи этиб тайинланганини айтиб ўтди.
Айтиш лозимки, Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида таваллуд топган Б.Аҳмедов футзалдаги фаолиятини “Сплав”, “Электрокимёсаноат” ва “Солиқчи” жамоаларида бошлаган. Кейинчалик “Юнусобод”, “Ардус” ҳамда “Строител Зарафшон” клубларида тўп сурган ва мамлакат чемпионлигига эришган.
Мураббий сифатида “Максам-Чирчиқ”, ва “Жиззах-Кентекс” жамоаларида Ўзбекистон чемпионатида совринли ўринларни эгаллаган Б.Аҳмедов етакчилигидаги футзалчиларимиз икки марта Осиё кубогида бронза медалига сазовор бўлган.
Анжуманда айтилганидек, Б.Аҳмедов 2028 йилги Осиё чемпионатининг якунига қадар Ўзбекистон миллий терма жамоасини бошқаради.
Ўз навбатида, Б.Аҳмедов бугун юртимизда маҳоратли ёшларнинг янги, кучли авлоди шакллангани, бундай футзалчилар билан катта ютуқларга эришиш мумкинлигига ишонч билдирди.
Матбуот анжумани давомида терма жамоанинг келгуси режалари қаторида миллий чемпионат ва оммавий футзал мусобақаларини ривожлантириш, хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, жаҳоннинг етакчи терма жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари, иқтидорли ёшларни тайёрлаш, футзал бўйича ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш ва яқин келажакдаги устувор вазифалар юзасидан таклиф ва истаклар билдирилди.
Тўлқин Рўзиев,
Алимурод Мамадаминов (сурат),
ЎзА