Футбол бўйича U17 ёш тоифасидаги Осиё кубогининг сўнгги ҳал қилувчи финал баҳсида Ўзбекистон терма жамоаси мезбон Саудия Арабистонига қарши майдонга тушади.
Бош соврин учун ўтадиган мазкур учрашув бугун, 20 апрель куни соат 20:00 да Тоиф шаҳридаги «Қирол Фаҳд« стадионида ташкил этилади. Учрашувни қатарлик Муҳаммад Аҳмад Ал-Шаммари бошқариб боради. Унга қанотларда Юсуф Ареф Ал-Шамари (Қатар) ва Нуаннид Дорнжангрид (Таиланд) ёрдам беради. 4-расмий ҳакам сифатида Ким Ю-Жеонг (Корея Р.), ВАРда эса Даниел Жон Элдер (Австралия) ишлайди. Баҳсда футболчиларимиз тўлиқ оқ либосда, дарвозабонимиз эса қора либосда ҳаракат қилади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу икки терма жамоа Осиё кубогининг “А” гуруҳида ўз иштирокини бошлади. Гуруҳ босқичида Ўзбекистон терма жамоаси 9 очко билан, Саудия Арабистони эса 6 очко жамғариб, чорак финал ва ноябрь ойида Қатарда ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритган эди. Гуруҳ ўйинларида футболчиларимиз саудиялик тенгқурларини 3:0 ҳисобида таслим қилганди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА