Футболчиларимиз бугун Осиё кубогида илк учрашувини ўтказади
Саудия Арабистонида футбол бўйича U17 ёш тоифасида Осиё кубоги бўлиб ўтмоқда.
Мусобақанинг иккинчи тури доирасида бугун, 10 май куни “D” ва “C” гуруҳларида учрашувлар ўтказилади.
“D” гуруҳида ушбу турда Ўзбекистон U17 терма жамоаси Ҳиндистон термаси билан ўзаро рақобатлашади. Ўйин мамлакатимиз вақти билан соат 22:00 да Жидда шаҳридаги “Hall Stadium”да бўлиб ўтади.

Гуруҳда КХДР терма жамоаси иштирок этмагани боис Австралия бу турда дам олади.
Шунингдек, “C” гуруҳида Вьетнам – Жанубий Корея, БАА – Яман тўқнашуви бўлиб ўтади. Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, 2-турдан ўрин олган Бирлашган Араб Амирликлари ва Яман терма жамоалари ўртасидаги учрашувда ҳамюртимиз Акобирхўжа Шукруллаев бош ҳакам сифатида фаолият олиб боради. Унга яна икки вакилимиз Алишер Усмонов ва Ислом Азимов қанотларда ёрдам беради.
Кеча “А” ва “B” гуруҳларида 2-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Унда Саудия Арабистони 2:0 ҳисобида Тожикистонни таслим этиб, очколарини 6 тага етказган ҳолда яққол пешқадам бўлиб олди ва муддатидан аввал кейинги босқичга ўтди. Таиланд эса 3 очко билан иккинчи ўринда қолди. Мьянма ва Тожикистон баҳси 0:1 ҳисобида якунланди. Натижада тожикистонлик футболчилар илк 3 очколарига эга чиқиб, жадвалнинг учинчи поғонасини банд этди.
"B" гуруҳида эса Хитой Японияга 1:2 ҳисобида енгилди. Қатар эса Индонезия термаси устидан 2:0 ҳисобида зафар қучди. Натижада Япония 6 очко тўплаб, гуруҳ пешқадами сифатида плей-офф босқичига бир тур қолганда йўлланмани қўлга киритди. Қатар ва Индонезия жамоалари голлар нисбатига кўра 2-3 ўриндан жой олди. Хитой эса ҳамон очкосиз қолмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА