Футболчиларимиз Канадага қарши оқ либосда ўйнайди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатига тайёргарликни Канаданинг Эдмонтон шаҳрида давом эттирмоқда.
Аввал хабар қилинганидек, миллий терма жамоамиз бош мураббийи Фабио Каннаваро мундиал олдидан икки назорат учрашувини ўтказишни режалаштирган.
Дастлаб, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Канада термасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Беллашув олдидан жамоалар расмийлари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, ўйинга оид ташкилий масалалар муҳокама қилинди ҳамда зарур тушунтириш ва эслатмалар берилди.

Унда миллий терма жамоамиз футболчилари учрашувда тўлиқ оқ либосда, дарвозабон эса яшил либосда ҳаракат қилиши маълум қилинди.
Ўзбекистон ва Канада баҳси мамлакатимиз вақти билан Эдмонтон шаҳридаги “Commonwealth Stadium”да 2 июнь куни соат 06:00 да бошланади.
Маълумот учун, мазкур учрашувдан сўнг миллий терма жамоамиз Нью-Йорк шаҳрига йўл олади. Қисқа тикланиш жараёнидан кейин жамоа 8 июнь куни Нидерландия миллий терма жамоасига қарши иккинчи назорат учрашувини ўтказади. Беллашув Нью-Йорк шаҳридаги “Icahn Stadium”да бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА