Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда
Ўзбекистон Республикаси парламентида фуқаролик жамияти институтларининг ролини мустаҳкамлаш ва давлат органлари билан муносабатларида масъулиятини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси жамоатчилик назорати тадбирларининг самарадорлигини оширишга йўналтирилган бўлиб, давлат органлари томонидан жамоатчилик назорати натижалари асосида қабул қилинган якуний ҳужжатларни белгиланган муддатда кўриб чиқишни талаб этади. Лойиҳага кўра, ушбу талабларга амал қилмасликка йўл қўйган мансабдор шахсларга маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқаролик жамияти институтларининг жамиятдаги нуфузини ошириш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, фаолият эркинлиги кафолатларини мустаҳкамлаш ва ишончли ҳамкор сифатида давлат бошқарувида иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, ушбу қонун лойиҳаси жамоатчилик назоратининг таъсирчанлигини ошириш, шаффофликни кучайтириш ва мазкур соҳада ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини йўлга қўйишни назарда тутади. Шу билан бирга, давлат идораларининг фаолиятини аҳоли учун очиқ ва ҳисобдор бўлишини таъминлаш орқали ижтимоий шерикликни мустаҳкамлашга замин яратади.
Бундай чора-тадбирларнинг қонун даражасида мустаҳкамланиши фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини фаоллаштириш, жамоатчилик фикрининг давлат сиёсатида инобатга олинишини таъминлаш ва жамоат институтлари орқали жамоатчилик манфаатларини илгари суриш имкониятини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва самарадорлигини ошириш билан бирга, аҳолининг давлат бошқарувига нисбатан ишончини мустаҳкамлашга ҳам ёрдам беради. Натижада фуқаролик жамияти институтлари ва давлат идоралари ўртасида конструктив мулоқот ҳамда ҳамкорлик ривожланишига асос яратилади.
Элдор Туляков,
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори