Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Freestyle Chess" жаҳон чемпионатида Абдусатторов бронза медалини қўлга киритди

Германиянинг Вайсенхаус шаҳрида ўтказилган “Freestyle Chess” бўйича жаҳон чемпионатида Нодирбек Абдусатторов 3-ўринни эгаллади.

Мукофот жамғармаси 300 минг АҚШ долларидан иборат мусобақада гроссмейстеримиз Нодирбек Абдусатторов 3-ўрин учун баҳсда германиялик Винсент Кеймерни 2.5:1.5 ҳисобида мағлуб этди ва 40 минг АҚШ доллари миқдорида мукофотга эга чиқди.

Ушбу ғалаба ортидан Абдусатторов 2027 йилги” Freestyle Chess” жаҳон чемпионатида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди.

Жавоҳир Синдоров 7-8-ўринлар учун америкалик Левон Аронян билан куч синашди. Қизиқарли кечган ўйиннинг 81-юриш ҳолатида томонлар муроса йўлини танлашди. Бироқ, чемпионат низомига мувофиқ қора доналарда дурангга эришган Аронян 7, Синдоров 8-ўринни эгаллади ва 10 минг АҚШ доллари мукофоти соҳиби бўлди.

Жаҳон чемпионлиги учун Магнус Карлсен ва Фабиано Каруана қарама-қаршилигидаги учрашувда собиқ жаҳон чемпиони Карлсен 2,5:1,5 ҳисобида ғолиб чиқди ва 100 минг АҚШ доллари билан тақдирланди. Ўз навбатида, Каруана 60 минг доллар эгасига айланди.

Шунингдек, америкалик Ханс Ниманн ҳиндистонлик Аржун Эригаисини 2:0 кўринишида доғда қолдириб, 5-поғонани банд этиши ортидан 25 минг АҚШ долларига лойиқ кўрилди.

Т.Рўзиев, ЎзА