Франция компанияси билан стратегик ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда
Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров Франциянинг дунёга машҳур "Bureau Veritas" компанияси вице-президенти Карин Кутровски бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини модернизация қилиш ҳамда маҳсулотлар ва хизматларнинг халқаро стандартларга мослигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар чоғида мувофиқликни баҳолаш, сертификатлаштириш ва синов инфратузилмасини ривожлантириш соҳаларидаги ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар халқаро тажрибани кенг жорий этиш ва илғор амалиётларни Ўзбекистон тизимига татбиқ қилиш муҳимлигини таъкидлади.
Айниқса, мамлакатда жорий этилаётган янги миллий мувофиқлик белгиси – “Conformity Uzbekistan” (CUz) тизими алоҳида муҳокама марказида бўлди. Ушбу тизим маҳсулотларнинг ISO, EN, IEC, ASTM ва ASME каби халқаро стандартларга мослигини баҳолашда муҳим роль ўйнаши кутилмоқда. Шунингдек, Европа Иттифоқининг CE маркировка тизими билан уйғунлашув масалалари ҳам кўриб чиқилди. Бу эса Ўзбекистон маҳсулотларининг ташқи бозорларда рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Учрашувда нафақат техник регламентлар, балки инсон капитали масаласи ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, сифат менежменти тизимларини сертификатлаштириш, мутахассислар малакасини ошириш ва халқаро стандартлар бўйича кадрлар тайёрлаш йўналишларида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.
Бундан ташқари, замонавий синов лабораторияларини ташкил этиш масаласи ҳам долзарб йўналиш сифатида қайд этилди. Бу лабораториялар орқали маҳсулотларнинг хавфсизлиги ва сифатини юқори даражада текшириш имконияти яратилади.
Музокаралар якунида болалар ўйинчоқлари, паст вольтли ускуналар, босим остида ишлайдиган қурилмалар ҳамда шахсий ҳимоя воситаларини синовдан ўтказиш бўйича қўшма лабораториялар ташкил этиш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Шунингдек, томонлар ўзаро ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиш мақсадида “Йўл харитаси” ишлаб чиқишга келишиб олди. Бу ҳужжат келгусида лойиҳаларни босқичма-босқич амалга оширишда муҳим дастурий асос бўлиб хизмат қилади.
“Bureau Veritas” каби нуфузли халқаро компания билан ҳамкорликнинг кенгайиши Ўзбекистонда техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини янги босқичга олиб чиқиш, маҳсулотлар сифати ва хавфсизлигини ошириш ҳамда экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА