ФОТОГАЛЕРЕЯ: Қадимий заминнинг замонавий қиёфаси
«Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт вакелажак яратамиз!»
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги олдидан
Бухоро — минг йиллик тарих ва бой маънавий мерос, замонавий тараққиёт ва янгиланиш уйғунлашган бетакрор юрт. Бугун вилоят ҳаётига назар ташлар эканмиз, асрлар давомида ўзининг қадимий қиёфасини асраб келган бу заминда янги давр нафаси, улкан бунёдкорлик руҳи ва инсон манфаатларига қаратилган ислоҳотлар самарасини кўриш мумкин.
Сўнгги йилларда Бухоро вилоятининг шаҳар ва туманларида кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Янги турар жойлар, замонавий ижтимоий объектлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, йўл ва муҳандислик инфратузилмалари барпо этилиб, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилаяпти.
Бу жараёнларда инсон қадри ва унинг фаровонлиги бош мезон сифатида намоён бўлмоқда. Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, замонавий таълим имкониятларини кенгайтириш, ёшларни илм-фан ва спортга жалб этиш борасидаги ишлар вилоятнинг бугунги ҳаётида муҳим ўрин тутмоқда. Янги билим ва кўникмаларга эга, эртанги кунга ишонч билан қадам қўяётган ёшлар — Бухоронинг энг катта бойлиги, келажак салоҳиятидир.
[gallery-30860]
Қишлоқ хўжалигида ҳам замонавий ёндашувлар, илғор технологиялар ва самарадорликка асосланган тизимлар кенг жорий этилмоқда. Ердан унумли фойдаланиш, маҳсулот етиштириш ва қайта ишлаш ҳажмини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда янги иш ўринлари яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлар қишлоқлар ҳаётида янги имкониятларни юзага келтирмоқда.
Саноат ва ишлаб чиқариш соҳасидаги ўзгаришлар ҳам вилоят иқтисодий салоҳиятининг юксалаётганидан далолат беради. Замонавий корхоналар, янги ишлаб чиқариш лойиҳалари, маҳаллий хомашёни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган ташаббуслар ҳудуд иқтисодиётини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Бухоронинг бетакрор тарихи ва сайёҳлик салоҳияти эса вилоят тараққиётининг муҳим йўналишларидан биридир. Қадимий обидалар, муқаддас қадамжолар, миллий ҳунармандчилик анъаналари ва замонавий сайёҳлик инфратузилмаси вилоятнинг дунё сайёҳлари учун жозибадорлигини янада оширмоқда. Тарихий меросни асраш ва уни замонавий туризм имкониятлари билан уйғунлаштириш борасидаги ишлар Бухоронинг янги қиёфасини шакллантирмоқда.
Ушбу фотосуратларда ана шу жараёнларнинг турли манзаралари — бунёдкорлик ва янгиланиш, илм-фан ва таълим, тиббиёт ва спорт, ижтимоий ҳаёт, қишлоқ хўжалиги, саноат ва ишлаб чиқариш, туризм ҳамда, энг муҳими, бу ўзгаришларнинг бевосита иштирокчиси бўлган инсонлар ҳаёти акс этган.
Зеро, мустақилликнинг 35 йиллиги — нафақат босиб ўтилган йўлга назар ташлаш, балки эришилган натижаларни қадрлаш, бугунги имкониятлардан куч олиб, келажак сари янада катта мақсадлар билан интилиш давридир.
Бухоронинг бугунги қиёфасида тарихга эҳтиром, бугунга ишонч ва эртанги кунга юксак интилиш мужассам. Ушбу манзаралар янги Ўзбекистонда кечаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланишлар ва бунёдкорлик ишларининг Бухоро мисолидаги ўзига хос солномасидир.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА