Физиканинг ёш билимдонлари Самарқандда
Самарқанд шаҳрида Аҳмад ал-Фарғоний номидаги II халқаро физика олимпиадасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ёшларнинг физика фанига бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг илмий салоҳияти ва мантиқий фикрлаш қобилиятини намоён этиш, шунингдек, турли мамлакатлар ёшлари ўртасида илмий ҳамкорлик ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилаётган иккинчи олимпиадада дунёнинг 20 га яқин мамлакатидан 200 нафар хорижлик ёш ҳамда Ўзбекистондан 100 нафарга яқин ўқувчи иштирок этмоқда. Илк бор 2021 йилнинг ноябрь ойида Фарғона шаҳрида ўтказилган халқаро танловда 15 дан ортиқ давлатдан ўқувчилар қатнашган эди.

Тантанали маросимда Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Ҳусан Тўхтаев, ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директорининг ўринбосари Ҳасан Шокиров сўзга чиқиб, олимпиада иштирокчиларини қутладилар.

Шундан сўнг фан олимпиадалари маркази директори Турабой Шерматов ва бошқа масъуллар размий тугмани босиб олимпиаданинг расман очилганини эълон қилдилар.

17 октябрга қадар давом этадиган олимпиада доирасида иқтидорли ёшлар ўз билимларини намоён этиб, янги тажриба ва таассуротларга эга бўладилар.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири