Fitch: Ўзбекистон олтин улуши бўйича дунёда етакчи давлатлар қаторига кирди
“Fitch Ratings” агентлиги эълон қилган сўнгги ҳисоботга кўра, Ўзбекистон халқаро захирасида олтин улуши юқорилиги бўйича жаҳондаги етакчи мамлакатлар сафидан жой олди. Таҳлилчилар маълумотига кўра, 2026 йил июнь ойи якунида мамлакатимиз жами ташқи захирасининг 87 фоизи айнан ушбу қимматбаҳо металл ҳиссасига тўғри келган.
Марказий Осиё минтақасида Қирғизистон ҳам захиранинг 80 фоизини тиллада сақлаган ҳолда юқори кўрсаткич қайд этди. Бу икки давлат қимматбаҳо металларга энг кўп суянаётган мамлакатлар сифатида эътироф этилмоқда.
“Fitch” мутахассислари Кавказ ва Марказий Осиёда ташқи капитал қиймати кескин ортгани, бу ҳолат асосан жаҳон бозорида олтин нархи қимматлашиши ҳамда жамғарилаётган тилла ҳажми ортгани билан боғлиқлигини таъкидлаган.
Республикамиз олтин захираси 2024-2026 йиллар оралиғида қарийб икки баробар кўпайган. Рейтинг агентлиги таҳлилига кўра, бундай сезиларли ўсишнинг 91 фоизи бевосита жаҳон бозорида нарх юқорилагани ҳисобига тўғри келади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА