Қўқон шаҳрида ташкил этилган Халқаро ҳунармандчилик фестивали матбуот марказида иккинчи Халқаро ҳунармандчилик фестивали ва унга уйғун ҳолда Риштон туманида Халқаро кулолчилик форуми якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Республика “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Улуғбек Абдуллаев, Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршид Аҳмедов фестиваль доирасидаги тадбирлар ҳақида маълумот берди. Фестивалда жаҳоннинг 70 та давлатидан 260 нафардан зиёд моҳир ҳунарманд ва усталар, таниқли илм, маданият ва санъат намояндалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари, мамлакатимизнинг 14 та ҳудудидан 700 нафар ҳунарманд иштирок этмоқда. 200 нафарга яқин хорижий, республика ва маҳаллий ОАВ вакиллари ёритиб бормоқда.
Иккинчи Халқаро ҳунармандчилик фестивали доирасида янги ташкил этилган Халқаро ҳунармандчилик музейининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Ушбу музей жаҳон халқ амалий санъатини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, бу бебаҳо бойликни келгуси авлодларга етказиш, бу йўлдаги саъй-ҳаракат ва имкониятларимизни бирлаштиришда муҳим ўрин тутади. Музейда 2019 йилда ўтказилган Биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивалида қатнашган хорижий ҳунармандларнинг маҳсулотлари, жумладан, Малайзия, Эрон, Янги Зеландия, Австралия, Хитой, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларнинг 150 дан ортиқ экспонати ўрин олган. Қўқон шаҳар мусиқали драма театрида “Анъанавий бадиий ҳунармандчиликни сақлаш ва ривожлантириш соҳасида жаҳон амалиёти” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳам бўлиб ўтди.
Фестиваль доирасида халқаро маҳаллий ҳунармандларнинг кўргазма-савдоси ўтказилмоқда. Икки кун давомида ҳар куни 100 минг нафардан ортиқ фуқаролар фестивалга ташриф буюрдилар. Икки кун давомида жами 6 миллиард 592 миллион сўмлик ҳунармандчилик маҳсулотлари савдоси амалга оширилди. Бугун ҳам савдо давом этмоқда. Қўқонда бўлиб ўтаётган II халқаро ҳунармандчилик фестивалига уйғун ҳолда Риштон туманида ташкил этилган Халқаро кулолчилик форуми ҳам ўтказилмоқда. Умуман олганда, ҳар бир кун ранг-баранг дастурлар асосида иштирокчиларда катта таассурот қолдирмоқда.
Фестиваль бугун ўз ниҳоясига етиб, кўрик-танлов ғолиблари аниқланади.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА