Балиқчи тумани адлия бўлими аралашуви билан “Фермерга мадад” акцияси доирасида туман ҳокимининг қонун ҳужжатларига зид чиқарилган қарори бекор қилиниб, тумандаги “Гўзал павлония” фермер хўжалигидан олиб қўйилган ер майдони қайтариб берилди.
“Гўзал павлония” фермер хўжалиги раҳбари Абдупатто Мажидов жорий йил май ойида Бош вазирнинг тумандаги тадбикорлар мурожаатлари қабулхонасига ёрдам сўраб мурожаат қилади.
Мурожаатда Балиқчи туман ҳокимининг 2019 йил 16 майдаги 2625-қ-сонли қарорига асосан, Балиқчи тумани Охунбобоев массиви ҳудудидаги 304- сонли контуридан павлония дарахти кўчатлари етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалигига 4,1 гектар, шундан 4,0 гектари экин майдони повлония кўчатлари экиш, кўчат етиштириш учун 30 йил муддатга ижара тартибида фойдаланишга ажратиб берилиши белгиланганлиги айтилади.
Ер участкасини узоқ муддатга ижарага бериш ва олиш шартномаси тузиш вазифаси эса туман ер ресурслари хизмати ва давлат кадастри бўлимига юклатилган. Бироқ, ушбу бўлим масъул ходимлари ўз вазифасини лозим даражада бажармаганлиги оқибатида ижара шартномаси белгиланган тартибда ҳужжатлаштирилмади. Натижада ер участкасига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилмади. Фермер эса мазкур ердан фойдаланишда сарсон бўлди.
Тадбиркорнинг ушбу мурожаати Бош вазирнинг тумандаги Тадбиркорлар мурожаатлари бўйича қабулхонаси ҳамда туман адлия бўлими мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди.
Туман хокимининг 2019 йил 16 майдаги 2625-қ-сонли қарорига биноан ажратиб берилган ер майдонига 2019 йилда “Муҳаммадмирзо-2015” фермер хўжалиги томонидан пахта экилган бўлганлиги боис, шу йили “Гўзал павлония” фермер хўжалиги мазкур ердан фойдалана олмаган.
“Гўзал павлония” фермер хўжалигига ажратиб берилган ер майдони қаровсиз, шўр, сув етиб бориши қийин, электр токи ҳамда бошқа инфратузилмалар билан таъминланмаган бўлса-да, 2020-2021 йилларда фермер хўжалиги ҳисобидан павлония дарахти кўчатлари экиш учун қатор агротехник тадбирлар амалга оширилган.
Павлония дарахтини экиш технологияси бўйича ер участкаси ҳамда кўчатлар тайёр бўлгандан сўнг 2021 йил март-май ойларида 9 минг туб павлония ниҳоллари экилган. Шунингдек, ўрганиш давомида қўшимча 20 минг туп кўчат экишга тайёрлаб қўйилганлиги маълум бўлади.
Жорий йил апрель ойида Балиқчи туман ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бўлими, туман фермерлар кенгаши мутахассислари томонидан далолатнома тузилиб, фермер хўжалигига ажратиб берилган ер майдонига тўлиқ кўчат экилмаган, ердан мақсадсиз фойдаланмоқда, деган мазмунда хулоса берилган. Мазкур хулосага асосан, туман хокими томонидан 2021 йил 3 майда 209-сон қарор чиқарилган. Ушбу қарорга кўра, туман ҳокимининг 2019 йил 16 майдаги 2625-к-сонли, яъни фуқаро А. Мажидовга 30 йил муддатга павлония дарахтлари экиш учун жами 4,1 гектар ер майдонини ажратиб бериш тўғрисидаги қарори бекор қилинган.
Ўрганишлардан сўнг туман адлия бўлими томонидан туман хокимининг 2021 йил 3 майдаги 209-сонли қарори амалдаги қонун ҳужжатларига зид равишда қабул қилинганлиги маълум бўлди.
Яъни,
- Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддасига мувофиқ Ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқини ёки ер участкасидан доимий ёхуд вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини ушбу модда биринчи қисмининг
6-11 бандларида кўрсатилган ҳолларда тугатиш мазкур Кодекснинг
38-моддасида белгиланган тартибда суд томонидан амалга оширилиши;
- ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилганда ажратилган ер майдони фақат суд тартибида олиб қўйилиши мумкинлиги;
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкидл қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш ваколатлари тегишли Халқ депутатлари Кенгашларига берилганлиги;
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги “Ер участкалари эгалари, фойдаланувчилари, ижарачилари ва мулкдорларига етказилган зарарлар, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларига, шунингдек, ерларнинг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлган ҳолларда етказилган зарар ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги”ги низомга мувофиқ ижарачининг зарарлари, бой берилган фойдалари ҳисобланмаган ва тўлаб бериш чоралари кўрилмаганлиги сабабли туман ҳокими ерни олиб қўйиш бўйича қарор қабул қилиш ваколатига эга эмаслиги маълум бўлди.
Шундан келиб чиқиб, туман ҳокимининг асоссиз ва ноқонуний қарори бекор қилиниб, “Гўзал павлония” фермер хўжалиги раҳбарининг поймол бўлган ҳуқуқлари тикланиб, ажратиб берилган ер майдони хўжаликнинг ўзига қайтариб берилди.
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,
ЎзА