Фермерлар учун янги молиявий имкониятлар
Чорвачилик соҳасида замонавий молиявий механизмлардан самарали фойдаланиш, инвестициявий фаолликни ошириш ҳамда фермерларнинг лойиҳавий салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган амалий семинарлар ҳудудларда изчил давом этмоқда.
Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) кўмагида амалга оширилаётган “Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш” лойиҳаси доирасида Жиззах вилоятида навбатдаги ҳудудий семинар ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад чорвачилик йўналишида фаолият юритаётган фермер ва тадбиркорларни имтиёзли молиялаштириш имкониятлари, грант маблағларини жалб этиш тартиби ҳамда лойиҳаларни сифатли тайёрлаш бўйича амалий кўникмалар билан таъминлашдан иборат бўлди.

Семинар давомида иштирокчилар имтиёзли кредит ва грантларни жалб қилиш механизмлари, молиялаштириш жараёнининг асосий босқичлари, шунингдек, аризаларни тайёрлашда эътибор қаратилиши лозим бўлган талаблар юзасидан атрофлича маълумот олди. Мутахассислар томонидан ҳужжатларни расмийлаштириш, бизнес-режаларни тайёрлаш ва молиявий асосланган лойиҳаларни шакллантириш бўйича амалий тушунтиришлар берилди.
Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, лойиҳа доирасида ўз ташаббусларини муваффақиятли амалга оширган фермерларнинг амалий тажрибаси муҳокама қилинди. Иштирокчилар инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш жараёнида учраган қийинчиликлар, уларни бартараф этишда қўлланган ёндашувлар ҳамда эришилган натижалар юзасидан фикр алмашдилар.

Шунингдек, фермерлар ўз бизнес ғоялари ва лойиҳаларини банклар мутахассисларига тақдим этиш имкониятига эга бўлди. Экспертлар ҳар бир лойиҳани атрофлича кўриб чиқиб, унинг иқтисодий самарадорлигини ошириш, молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш ва тақдимот сифатини яхшилаш юзасидан амалий тавсиялар берди.
Бундай мулоқот шакли иштирокчиларга нафақат ўз лойиҳаларини янада такомиллаштириш, балки молия институтлари билан самарали ҳамкорлик қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш имконини ҳам яратди.

Маълумки, чорвачилик тармоғини барқарор ривожлантиришда молиявий ресурсларга кенг йўл очиш, инвестицияларни жалб этиш ва илғор бошқарув ёндашувларини жорий этиш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис соҳада амалга оширилаётган халқаро ҳамкорлик лойиҳалари фермерларнинг билим ва малакасини ошириш, замонавий молиялаштириш воситаларидан самарали фойдаланиш ҳамда ҳудудларда рақобатбардош чорвачилик хўжаликларини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Таъкидланганидек, мазкур семинар фермерлар, банк сектори ва соҳавий ташкилотлар ўртасида амалий тажриба алмашиш, ўзаро ишончли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун самарали мулоқот майдони вазифасини ўтади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири