Асака туманида кўп қаватли уйларнинг канализацияси фермер хўжалигининг экин майдонларига зарар етказилаётганлиги ҳамда чиқинди ҳудуддаги Ташламасой сув иншоотига ҳам оқизилаётганлиги ҳақидаги шикоят ўрганиб чиқилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонуни 15-моддаси ва “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасида юридик шахсларнинг аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги мажбуриятлари ва фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига, атроф-муҳитга, юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши шартлиги белгиланган.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши матбуот хизматининг маълум қилишича, уюшма кенгашида Андижон вилояти, Асака тумани "Мустақиллик" массивида жойлашган "Озод Иқбол Замин" фермер хўжалигининг 8,5 гектар экин майдонига кўп қаватли уйларнинг канализациясидан чиққан ахлатлар жиддий зиён етказмокда. Шунингдек, бу чиқиндилар фермер ерлари ташқарисидан оқиб ўтувчи Ташламасойга ҳам оқиб тушаётгани ҳақидаги шикоят кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 74-моддасига мувофиқ, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва санитария назорати органлари оқова сувларни оқизишни чеклаб, тўхтатиб ёки тақиқлаб қўйишлари, ҳаттоки айрим саноат қурилмаларини, цехлар, корхоналар, ташкилотлар, муассасаларнинг фаолиятини тўхтатиб қўйишлари лозим. Аҳолининг соғлиғига хатарли ҳолларда, оқова сувларни оқизиш тўхтатилиб, ҳаттоки ишлаб чиқариш объектларидан ва бошқа объектлардан фойдаланиш тўхтатиб қўйиши лозим.
Шу боис, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳолатни бартараф этиш юзасидан Бош прокуратурага, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига мазкур салбий ҳолатни бартараф этиш, етказилган зарарни қоплаш ҳақида сўровнома киритди.
ЎзА