Избоскан туманида 5 минг 500 гектар экинзорнинг сув таъминоти яхшиланди
Мустақиллигимизнинг ўттиз беш йиллик байрами арафасида Избоскан туманидаги бундан 128 йил аввал қурилган “Дастурхончи” канали реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Избоскан тумани ҳокими Аброрбек Аҳмадалиев, Норин – Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сирожиддин Қурбонов, соҳа масъуллари, фермерлар ва аҳоли вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатимизда сув хўжалиги соҳасини ривожлантириш, ирригация тармоқларини модернизация қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ерлари ва аҳоли томорқаларининг сув таъминотини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, хусусан, “Дастурхончи” каналининг реконструкция қилиниши ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан эканлиги ҳақида сўз борди.


Реконструкция қилинган мазкур канал 1898 йилда қурилган бўлиб, Пахтаобод ва Избоскан туманлари ҳудуди аҳолиси, фермер хўжаликлари экин майдонларини сув билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Каналнинг умумий узунлиги 9,27 километр бўлиб, у орқали 5 минг 500 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари ҳамда аҳоли томорқалари сув билан таъминланади.
Каналнинг лойиҳавий сув ўтказиш ҳажми секундига 5 куб метрни ташкил этади. Унда 18 та гидротехник иншоот мавжуд. Йиллар давомида каналнинг тупроқ ўзани фойдаланиши натижасида сувнинг фильтрация орқали йўқотилиши ортиб, айрим участкаларда сув сизиб чиқиши кузатилган. Бу эса каналнинг фойдали иш коэффициенти пасайишига ва сув ресурсларининг сезиларли йўқотилишига сабаб бўлмоқда эди.
Мазкур объект Президентимизнинг 2025 йил 27 декабрдаги “2026 – 2028 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида тўлиқ реконструкция қилиниб, бетонлаш ишлари бажарилди. Шунингдек, гидротехник иншоотларнинг техник ҳолатини яхшилашга қаратилган ишлар амалга оширилди.



– Ушбу каналдан маҳалламиздаги кўплаб хонадонлар ва деҳқон хўжаликлари сув олади, – дейди Пахтаобод тумани Бўстон маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Юсуфжон Бердибеков. – Илгари айрим пайтларда маҳалла экин майдонларига сувнинг етиб келиши қийин бўларди. Каналнинг бетон қилиниши аҳоли учун ҳам, томорқа эгалари учун ҳам яхши бўлди. Энди сув таъминоти барқарор бўлади, деб умид қиляпмиз.
Реконструкция ишлари натижасида каналнинг фойдали иш коэффициентини 85–90 фоизга етказилиб, йилига ўртача 350 минг куб метр сувни иқтисод қилиш имконияти яратилди.
Энг муҳими, канал орқали сув оладиган 5 минг 500 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари ва аҳоли томорқаларининг сув таъминоти яхшиланади. Бу эса экинларни ўз вақтида суғориш, томорқалардан самарали фойдаланиш ва ҳудуд аҳолиси турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири