Ферма учун ажратилган ерга қурилган уй бузиладими?
Фермердан савол: Чорвачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжалигини юритаман.
Фермердан савол: Чорвачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжалигини юритаман. Ўн йилдирки фермамизга ажратилган ерда уй қуриб, оиламиз билан яшаяпмиз. Яқинда туман ҳокимлиги мутасадди раҳбарлари келиб, яшаётган уйимни бузиш тўғрисида даъво аризаси билан чиққанини айтди. Уйимнинг кадастр ҳужжати бор. Сақлаб қолишнинг иложи борми?
Бу саволга “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Бахтиёр Нормўминов жавоб берди:
– Биринчидан, 2019 йил 28 январгача амалда бўлган Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 30 декабрдаги “Якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан тасдиқланган низомнинг 33-банди талаблари асосида уй-жой қурувчилар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ушбу мақсадлар учун ажратилмаган ер участкаларида қурилган ҳамда бунга зарур рухсатномани олмасдан ёхуд шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари жиддий равишда бузилган ҳолда тикланган уй-жойлар, бошқа иморатлар ва иншоотлар ёки кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган, – деб ҳисобланиши аниқ белгилаб берилган.
Фуқаро томонидан чорвачилик комплекси ичидан уй-жой қуриб олиб, 10 йилдан буён яшаб келаётгани ва тегишли ер ажратиш қарори борлиги бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Сабаби юқоридаги қарор талаби бўйича туман ҳокимлиги томонидан ер ажратиб берилмайди, сабаби ушбу ердан уй-жой қуриб яшашга шаҳарсозлик ва санитария қоидаларига тўғри келмаслигини ҳисобга олиб туман ҳокимлиги мутасаддилари ноқонуний қурилиш, деб топишган.
Иккинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 августдаги “2016-2017 йиллар даврида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларини ялпи хатловдан ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида фуқаро яшаб турган уй-жойи ва ер участкаси хатловдан ўтказилган бўлиб, ердан фойдаланиб келинаётгани учун солиқ ундириш мақсадида кадастр идораси техник ҳужжат расмийлаштириб берган бўлиши мумкин.
Ушбу техник ҳужжат ер ажратиб берилишига асос бўла олмаслигини ҳисобга олиб, ҳокимият томонидан ноқонуний уй-жой ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 91-моддаси талабларидан келиб чиқиб судга даъво аризаси киритилган.