Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бугунги кунда Кадастр агентлигига аҳоли томонидан энг кўп келаётган мурожаатларга Кадастр агентлиги ахборот хизмати раҳбари Неъмат Атамуратов жавоблар қайтарди.
–Менга суғориладиган экин ерлардан қўшимча дала томорқа ерлари умрбод мерос ҳуқуқи билан берилган эди. Ушбу томорқалар ўзимизга тегишли бўлса, нима сабабдан бу ерларга уй-жой қуриш мумкин эмас?
– Ўзбекистон Республикасининг “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 8- моддасида – деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкалари иморатлар ва иншоотлар қуриш ҳуқуқисиз, фақатгина қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш мақсадида бериладиган ерлар ҳисобланади. Ушбу ер майдонларида уй-жой ва бошқа нотурар бино иншоотлар қуриш тақиқланган. Агарда мазкур ерларга уй-жой қурган тақдирингизда бу ноқонуний деб ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси “Ер кодекси”нинг 36-моддаси талаблари асосида ерга бўлган ҳуқуқингиз бекор қилиниб, ерлар туман захирасига қайтариб олиниши мумкин.
– Ер участкасига бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик учун қандай чоралар белгиланган?
– Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексининг 68- прим 1- моддасига асосан “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга ер участкасига бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик” фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
–Айрим фуқароларнинг ер участкалари ҳокимият томонидан олиб қўйилиши айтилмоқда. Агар бизга компенсация пулини тўламасдан еримизни олиб қўйишса, мансабдорларга қандайдир чоралар кўриладими?
– “Ер участкаларини ноқонуний олиб қўйганлик учун жавобгарлик кучайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинган. Мазкур қонунга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига қўшимчалар киритилган. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, ерни ноқонуний олиб қўйиш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Агар мазкур ҳуқуқбузарлик мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни олдиндан ва тўлиқ қопланмаган ҳолда биноларнинг бузиб ташланишига олиб келса, мансабдор шахсларга БҲМнинг 150 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.
Жиноят кодексига маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такроран ерларни ноқонуний олиб қўйган мансабдор шахсларга жазо чораларини белгиловчи қўшимчалар киритилган.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА